Ўзбекистон элчиси Австрия президентига ишонч ёрлиқларини топширди

Австриянинг Вена шаҳрида Ўзбекистоннинг фавқулодда ва мухтор элчиси этиб тайинланган Абат Файзуллаев 30 сентябрь, чоршанба куни Австрия президенти Александр Ван дер Белленга ишонч ёрлиқларини топширди. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати

Маълум қилинишича, «Хофбург» саройида бўлиб ўтган маросимда фахрий қоровул саф тортган ва миллий мадҳиялар янграган.

Қайд этилишича, тадбирда мезбон мамлакат томонидан Австрия президентининг ташқи сиёсат ва ҳарбий масалалар бўйича маслаҳатчилари, Ташқи ишлар вазирлиги бош котиби ва бошқа расмийлар иштирок этган.

Суҳбат давомида Ван дер Беллен австрияликлар Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган ўзгаришлар ва ислоҳотлардан яхши хабардор эканлигини алоҳида таъкидлаган.

Мулоқотда Ўзбекистон—Австрия муносабатларидаги ўсиш юқори баҳоланган ҳамда савдо, инвестиция ва маданий-гуманитар соҳаларда икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш зарурлигига эътибор қаратилган.

Маълумот учун, Абат Файзуллаев 19 августда ишонч ёрлиқлари нусхаласини Австрия Ташқи ишлар вазирлигига топширган. Бироқ дипломатик протоколга кўра, у «Хофбург»да Австрия президентига ишонч ёрлиқлари асл нусхаларини топширган пайтдан бошлаб, Ўзбекистон элчиси сифатида ўз вазифасига тўлиқ киришган, деб ҳисобланиши белгиланган.

Аввалроқ Озарбайжон президенти Ўзбекистон элчисидан ишонч ёрлиғини қабул қилиб олгани ҳақида хабар берилган эди. Кейинчалик Самарқанд шаҳрида Қозоғистон ҳамда Туркия бош консулхоналари очилиши маълум қилинди.

Янгиликлар