Мингбулоқда қаровсиз қолдирилган «Жигули»дан 2 млн сўмлик кийимларни ўғирлаб кетганлар ушланди
Мингбулоқда 28 октябрь, чоршанба куни қаровсиз қолдирилган «Жигули»дан 2 миллион сўмлик кийим-кечакларни ўғирлаб кетган 3 нафар шахс қўлга олинди. Бу ҳақда вилоят ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, 28 октябрь куни Тўрақўрғон туманида яшовчи тадбиркор аёл туман ИИБга ариза билан мурожаат қилган. Унга кўра, шу куни соат 18:00 ларда Мингбулоқ тумани «Кичик Жомашуй» МФЙда жойлашган ошхона олдида жиянига тегишли «ВАЗ-2106» русумли автомашинаси эшиги очиқ қолганлигидан унумли фойдаланиб, номаълум шахс автомашинадан умумий қиймати 2 000 000 сўмлик кийим-кечакларни ўғирлаб кетганини маълум қилган.
Олиб борилган тезкор-қидирув ва суриштирув ҳаракатлари натижасида ушбу жиноятни Тўрақўрғон туманида яшовчи 3 нафар фуқаро содир этгани аниқланган. Улардан далилий ашёлар олинган.
Ҳозирда мазкур ҳолат бўйича туман ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 169-моддаси (Ўғрилик) 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.
Аввалроқ Наманган шаҳрида фуқарони 50 миллион сўмга «ухлатган» 2 нафар аёл қўлга олингани, Наманганда жиноят содир этиб, терговдан яширинган эркак ушлангани ҳақида хабар берилган эди.