Самарқандда 2021—2022 йилларда 5 та спорт зал ва 94 та футбол майдони қурилади

Самарқанд вилоятида оммавий спортни ривожлантириш ва соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш бўйича 2021—2022 йилларда 5 та спорт зал, 94 та футбол майдони қурилади. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати «Tez News»га хабар берди.

Маълум қилинишича, Самарқанд вилоятида оммавий спортни ривожлантириш ва соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш бўйича чора-тадбирлар дастури тасдиқланган.

Унга кўра:

  • 2021—2022 йиллар давомида вилоятнинг олис қишлоқларида давлат-хусусий шерикчилик асосида 119 та янги спорт иншоотлари қурилади. Молиявий манбалар, тадбиркорлар маблағлари ҳамда тижорат банкларининг кредитлари ҳисобидан қопланади. Жумладан, 5 та спорт зал, 94 та сунъий қопламали футбол майдони, 3 та ёпиқ сузиш ҳавзаси, 16 та волейбол ва баскетбол спорт майдони ҳамда 1 та теннис корти бунёд этилади.
  • Шунингдек, қурилиши тугалланмаган ҳамда фойдаланилмаётган биноларни спорт иншоотига айлантириш мақсадида «ноль» қийматда тадбиркорларга берилади. Ундан ташқари, «Олимпия ҳаракати» мавзусида семинар ва конференциялар ташкил этилади.
  • Иккинчи ташаббус доирасида 2021 йилнинг январь ойидан бошлаб «Ёшлар ҳафталиги», «Маҳалла ва нуронийлар ҳафталиги», «Таълим муассасалари ҳафталиги», «Хотин-қизлар ҳафталиги» спорт мусобақлалари ўтказилади.
  • 2021 йилнинг январь ойидан вилоятнинг ҳар бир шаҳар, туманларидаги маданият ва истироҳат боғлари, соҳилбўйи ҳамда аҳоли учун қулай бўлган ҳудудларда 1,2 километрдан кам бўлмаган масофада замонавий «Саломатлик йўлаклари», «Велосипед йўлаклари», «WorkOut» – маҳалла (кўча) фитнеси, «Скандинавча юриш», юриш, югуриш йўлаклари барпо этилади.
  • 2021 йилнинг май ойигача ҳудудларнинг ўзига хос хусусиятлари, аҳолининг қизиқиши ва хоҳиш-истакларидан келиб чиқиб, ҳар бир умумий ўрта таълим мактаблари маълум бир спорт турига ихтисослаштирилади.
  • 21 март «Наврўз» умумхалқ байрами арафасида аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида миллий спорт турлари ва халқ ўйинларини кенг тарғиб қилиш мақсадида миллий кураш, улоқ-кўпкари, чиллак, бештош, варрак учириш каби мусобақалар ташкил этилади.
  • Мактабгача таълим муассасаларининг тарбияланувчилари ўртасида шу йилнинг ноябрь—декабрь ойидан бошлаб, ҳар ойда «Кичкинтой-ширинтой», «Нафас машқлари – соғлом ҳаёт сари қадам», «Соғломжон-полвонжон», «Мен чемпион бўламан» шиорлари остида оммавий спорт тадбирлари ўтказилади.
  • Умумий ўрта таълим мактаблари ўқувчилари ўртасида спорт турлари бўйича «Мактаб лигаси», «Қувноқ стартлар», «Умид ниҳоллари», «Нафосат олами», «Соғлом бола», «Биз соғлом турмуш тарафдоримиз», «Веломарафон», «Олимпия ойлиги», «Баҳор маликалари» спорт мусобақалари ҳамда «Темурбеклар», «Ёш чегарачилар» ҳарбий спорт тадбирлари ташкил этилиши қатъий назоратга олинади.

Аввалроқ Самарқандда узунлиги 110 метр бўлган илк монолит йўл ўтказгичининг қурилиш ишлари бошлангани ҳақида хабар берилган эди.