Дунё бўйлаб коронавирусга чалинганлар сони 64 миллиондан ошди

Дунёда коронавирус пандемияси бошлангандан буён 64 миллиондан ортиқ киши COVID-19 инфекциясини юқтириб олди. «Worldometer» сайтидаги сўнгги янгиланишлар шундан далолат бермоқда.

Фото: «Getty Images»

Тошкент вақти билан соат 09:30 ҳолатига кўра, дунёда коронавирусга чалинганлар сони 64 194 692 кишига етган. Беморларнинг 1 486 829 нафари вафот этган, 44 442 109 нафари соғайган. Aйни пайтда дунё бўйлаб ўлим даражаси 3 фоизни ташкил этмоқда. Ҳозирда 17 758 033 киши касалликдан даволанмоқда.

Скрин: «Worldometer»

AҚШ дунёда коронавирус билан зарарланиш бўйича биринчи ўринда бормоқда. Мамлакатда 14 108 490 киши вирус юқтирган. Шунингдек, Ҳиндистон 9 499 710 нафар бемор билан иккинчи, Бразилия эса 6 388 526 бемор билан учинчи ўринда турибди.

Маълумот учун, Ўзбекистонда 1 декабрь ҳолатига кўра, коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 73 276 нафарни ташкил этмоқда. Айни пайтда тиббиёт муассасаларида даволанаётган 2131 нафар бемордан 177 нафари оғир, 39 нафари эса ўта оғир аҳволда. Ҳозирда касалликдан соғайганлар жами 70 534 нафарга етди ва соғайиш кўрсаткичи 96 фоизни ташкил қилмоқда.

Маълумот ўрнида, SARS-CoV-2 коронавируси 2019 йилнинг декабрь ойида Хитойнинг Хубэй провинциясидаги Ухан шаҳрида аниқланган. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти 11 март куни COVID-19 коронавирус инфекцияси тарқалишини пандемия деб эълон қилган.

Янгиликлар