Навоийда 26 та мактаб директори ишдан бўшатилди

Навоий шаҳрида 2 декабрь куни ўтказилган халқ депутатлари вилоят кенгашининг навбатдаги XII сессиясида 26 та мактаб директори лавозимидан озод этилди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати маълум қилди.

Фото: Навоий вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати

Хабарга кўра, туман ва шаҳарларда ўтказилган йиғилишларда ОТМга кириш кўрсаткичи юқори бўлган 106 та мактаб директори 10 миллион сўмдан пул мукофоти билан тақдирланган. Ҳамда таълим сифати паст бўлган 26 та мактаб директори, 2 нафар халқ таълими бўлими мудири, 3 нафар халқ таълими бўлими мудири ўринбосари эгаллаб турган лавозимидан озод этилган.

Фото: Навоий вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати

Вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи Марат Шамуратовнинг маълум қилишича, айни кунда «Битирувчи–2021» маълумотлар базаси шакллантирилган ва битирувчи синф ўқувчиларининг қизиқиши, билими, салоҳиятидан келиб чиққан ҳолда ОТМлар ҳамда касбий курсларга йўналтирилмоқда.

Фото: Навоий вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати

Аввалроқ Шерзод Шерматов Булунғурдаги мактабларнинг янги ўқув йилига тайёргарлик ҳолатини танқид қилгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Эркин Турдимов Нурободдаги сўнгги 2 йилда бирорта битирувчиси талаба бўлмаган 4 та мактаб фаолиятини танқид қилгани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар