Ўзбекистон Ҳиндистонда «Энг яхши истиқболли сайёҳлик йўналиши» деб эътироф этилди

Ҳиндистоннинг туризмга ихтисослашган нашрларидан бири «Travel+Leisure India & South Asia» журнали томонидан ҳар йили ташкил этиладиган «India’s Best Awards – 2020» танлови натижалари эълон қилинди.

Фото: «Tez News»

Хабарга кўра, пандемия билан боғлиқ вазият сабабли натижалар онлайн тартибда журнал веб-сайти ва ижтимоий тармоқдаги саҳифалари орқали эълон қилинган.

«India’s Best Awards – 2020» йиллик танлов натижаларига кўра, Ўзбекистон «Энг яхши истиқболли сайёҳлик йўналиши» (Best Emerging Destination) номинацияси ғолиби деб топилди», дейилган хабарда.

Қайд этилишича, «Travel+Leisure» халқаро туризмга ихтисосослашган журнал бўлиб, унинг илк сони 1937 йилда чоп этилган. Ҳозирда АҚШ, Туркия, Хитой, Австралия, Ҳиндистон, Россия ва бошқа давлатларда инглиз тилида нашр этиб келинмоқда.

Аввалроқ Ўзбекистонда 2020 йилнинг ноябрь ойи «Кексалар учун туризм ойлиги» деб эълон қилинган эди. Бу ойда қандай имтиёзлардан фойдаланиш мумкинлиги маълум бўлган. Шунингдек, Наманган шаҳрида шоппинг туризми ривожлантирилгани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар