Наманган шаҳрида шоппинг туризми ривожлантирилади (фото)
Наманган шаҳрида шоппинг туризми ривожлантирилади. Бу ҳақда шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.
Наманган вилоят ҳокими Шавкат Абдураззоқов шаҳар ҳокими Олим Исаев ва сектор раҳбарлари «Жаҳон бозори» савдо комплексида костюм-шим ва чеварчилик фурнитура улгуржи савдо маркази лойиҳаси билан танишган.
«Наманган нафақат Ўзбекистонни, балки бутун Марказий Осиё давлатларини костюм-шим билан таъминламоқда. Харидорлар азалда ‘Жаҳон бозори’га келиб савдо қилиб кетишади. Биз уларга қулай шароитларни яратиб бермоғимиз лозим», — дейди вилоят ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов.
Янги концепция асосида бунёд етилаётган савдо комплекси ўзига хос шоппинг туризм масканига айланади. Савдо комплексида икки қаватли замонавий савдо расталари, беш қаватли автотураргоҳ қурилади.
«Imir», «Sanan», «Lansman», «Vakkoni», «Ideal», «D.Maretti», «Westel» ва бошқа корхоналарнинг костюм-шимлари, кўйлакларига йилда камида икки марта чегирмалар мавсуми жорий қилиш орқали бутун республика ва қўшни давлатлар фуқаролари учун оммавий шоппинг турлар ташкил этиш режаси ишлаб чиқилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Наманган шаҳрида Гидрометереология бошқармасининг бош биноси қурилиши маълум қилинганди. Шунингдек, Наманган вилояти ҳокими Тўрақўрғонда қуриладиган 5 қаватли уйлар лойиҳасини бориб кўрганди.