Ўзбекистонда раҳбарларга ҳафтада камида бир марта ишга автомобилсиз келиб-кетиш тавсия этилди
Ўзбекистонда раҳбарларга ҳафтада камида бир марта ишга хизмат автомобилсиз келиб-кетиш тавсия этилди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги матбуот хизмати маълум қилди.
Адлия вазирлигининг Telegram каналида 2020 йил 19 ноябрда «Аҳолининг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний фаоллигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Ҳукумат қарори қабул қилинганлиги тўғрисида маълумот берилган.
Қарорга кўра, 2020 йил 1 декабрдан барча давлат органлари ва ташкилотлари ҳамда ҳокимлар ва ўринбосарларига «Шахсий намуна» тамойили асосида ҳафтада камида бир марта автомобиллардан фойдаланмаган ҳолда ишга келиши ва кетиш тавсия этилди. Шунингдек, 2021 йилдан бошлаб 22 сентябрь куни республика бўйича «Автомобилсиз кун» сифатида эълон қилинди.
Бундан ташқари, қарорда 2021 йил 1 апрелга қадар маҳаллалар, қишлоқлар, туманлар, шаҳарлардаги пиёда ва велосипедда юриш учун мўлжалланган «Саломатлик йўлаклари» ташкил этилиши белгиланган. Мазкур йўлакларда автомобил қўйишни тақиқловчи белгилар ва йўлакларнинг бошланиш қисмига махсус тўсиқлар ўрнатилади.
Қайд этилишича, 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб:
- экстремал спорт ва спорт туризми бўйича кадрлар тайёрлаш мақсадида Жисмоний тарбия ва спорт университети ҳамда унинг филиалларида алоҳида кафедра очилади;
- «Спорт тадбирларини шарҳловчи», «Йирик спорт тадбирларини ташкиллаштириш (промоутер)» ҳамда «Оммавий спортни ривожлантириш ва соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш» бўйича магистратура мутахассисликларига қабул бошланади.
Шу билан бирга, мактаблар камида битта спорт турига ихтисослаштирилади ва уларда ҳар ойда камида битта спорт тури бўйича спорт мусобақалари ўтказилади.
Мавзуга доир:
Аввалроқ Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурҳонов Президентдан тортиб барча давлат хизматчиларининг мол-мулки босқичма-босқич декларация қилинишини айтиб ўтганди.