АОКА ҳамда Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди

2 февраль куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ҳамда Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ўртасида меморандум имзоланди. Бу ҳақда ЎзЖОКУ матбуот хизмати Teznews’га хабар берди.

Хабарга кўра, агентлик раҳбари Асаджон Хожаев, университет ректори Шерзодхон Қудратхўжа ҳамда бошқа масъуллар иштирок этган ушбу тадбирда ўзаро ҳамкорлик ҳақида келишиб олинган.

«Мулоқот давомида медиасаводхонлик ва замонавий журналистикадаги тенденциялар ҳақида адабиётлар, ўқув қўлланмаларини яратиш, чоп этиш ва ҳудудларга етиб боришини таъминлаш, шунингдек, таниқли журналистлар, соҳа фахрийлари билан учрашувлар, маҳорат дарслари, ижодий кечалар ташкил этиш каби ҳамкорликнинг янги йўналишлари бўйича таклифлар маъқулланди», — дейилади хабарда.

Маълум бўлишича, миллий масс медианинг кадрлари салоҳиятини, уларнинг ахборот маконидаги рақобатбардошлигини ошириш, шу мақсадда ўқув тренинглари, семинарлар ва бошқа тадбирларни ўтказиш, соҳа учун кадрларни тайёрлаш ва тақсимлаш масалаларида давлат бошқаруви органлари, ўқув муассасалари билан ҳамкорлик қилиш Агентликнинг устувор вазифаларидан бири этиб белгиланган. Университет билан йўлга қўйилаётган алоқалар ҳам ана шу вазифалар ижросига қаратилган.

Шунингдек хабарда келтирилишича, келишув доирасида агентликнинг иш фаолияти йўналишлари бўйича талабалар учун таништирув ва малакавий амалиёт, стажировка ўташни ташкиллаштириш кўзда тутилган.

 

Янгиликлар