Владивостокдан яна 272 нафар ўзбекистонлик Бухорога олиб келинди (видео)
Россиянинг Владивосток шаҳридан 1 сентябрь куни навбатдаги чартер рейс орқали 272 нафар Ўзбекистон фуқароси Бухоро халқаро аэропортида қабул қилиб олинди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
«Ушбу авивқатновлар Ўзбекистон Республикаси махсус комиссиясининг рухсати билан татбиқ қилинган карантин қоидаларига қаттиқ риоя қилган ҳолда ташриф буюрувчиларимиз аэропортда қабул қилиниб, карантиндан кейин ўз уйларига жўнатилади», — дейди Бухоро халқаро аэропорти директори ўринбосари Содиқ Шукуров.
Аввалроқ Москва шаҳрида ташкил этилган чартер рейс орқали 344 нафар ўзбекистонлик Бухорога олиб келиниб, карантин зонасига жойлаштирилган.
Маълумот учун, Ўзбекистон 4 сентябрдан 5 та йўналиш бўйича халқаро авиақатновларни қайта тиклайди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон фуқароларини Япониядан олиб келиш учун 24—25 сентябрь кунлари чартер рейс амалга оширилади. Аввалроқ Ўзбекистон фуқароларини 31 августдан 30 сентябргача хориждан олиб келиш бўйича чартер рейслар рўйхати эълон қилинганди.