Ўзбекистонда 4 сентябрдан масжидда жума намозларини ўқиш мумкин бўлди. Aввалроқ махсус комиссия 5 сентябрдан жума намозларини адо этишга рухсат берганди

Ўзбекистонда 4 сентябрь, жума кунидан бошлаб барча диний ташкилотларда жамоавий ибодатлар (жума ва шанба-якшанбалик диний хизматлар)ни амалга оширишга рухсат берилди. Бу ҳақда Дин ишлари бўйича қўмита матбуот хизмати хабар берди.

Фото: «Muslim.uz»

Қайд этилишича, мамлакатдаги масжидларда жума намози 4 сентябрь куни адо этилади.

Шунингдек, черков ва синагогаларда бажариладиган шанба ва якшанба кунидаги оммавий ибодат маросимлари ҳам давом эттирилади.

Дин ишлари бўйича қўмита «Барча диний ташкилотлар» деганда барча дин вакилларига тегишли ибодат масканлари назарда тутилганини эслатиб ўтган. Бунга масжидлар, черковлар, синагогалар ва бошқалар киради.

Aввалроқ Республика махсус комиссияси қарори билан Ўзбекистон масжидларида 5 сентябрдан жума намозларига рухсат берилиши хабар қилинганди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда 17 августдан масжидлар очилиши, аммо жума, шанба ва якшанба кунлари фаолиятига рухсат берилмаслиги хабар қилинган. Шунингдек, Ички ишлар вазирлиги карантиндан кейин масжидларда намозларни жамоа билан ўқиш учун ҳеч қандай чеклов бўлмаслигини маълум қилган.