Норинда корхонадан 900 млн сўмдан ортиқ солиқ қарздорлиги ундирилди
Наманган вилояти Норин туманидаги «Норин пахта тозалаш» корхонасидан Давлат солиқ инспекцияси фойдасига 903 миллион сўм солиқ қарздорлиги ундирилди. Бу ҳақда Мажбурий ижро бюроси вилоят бошқармаси «Теz News»га маълум қилди.
Таъкидланишича, бюронинг Норин туман бўлими иш юритувига 2020 йил 2 cентябрда келиб тушган Наманган вилояти солиқ бошқармасининг қарздор «Норин пахта тозалаш» акциядорлик жамиятидан 3 миллиард 806 миллион 105 минг сўм солиқ қарзини ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжати мавжуд.
Мазкур ижро ҳужжати ижросини таъминлаш учун қарздорга 15 кунлик ихтиёрий муддат берилишига қарамасдан ижро ҳужжати талаби бажарилмаган. Шундан сўнг бўлим томонидан олиб борилган бир қатор мажбурий ижро ҳаракатлари натижасида қарздор «Норин пахта тозалаш»дан 903 миллион сўм солиқ қарзи ундирилишига эришилди.
Бундан ташқари қарздорнинг жами 3 миллиард 200 миллион сўм қийматидаги мол-мулклари хатланиб, шундан 2 миллиард 100 миллион сўмлик мулклари электрон онлайн аукцион савдоларига чиқарилди.
Аввалроқ Наманганда 8 ой давомида 147 миллиард сўмга яқин солиқлар ундирилгани ҳақида хабар берилганди.