«Халқаро тан олинган журналларда бирорта ҳам илмий мақола чоп этмаган». Шавкат Мирзиёев илмий ташкилотларнинг самарасизлигини танқид қилди

Шавкат Мирзиёев раислигида 3 декабрь куни илм-фан ва инновацияни ривожлантириш борасида олий таълим муассасалари, илмий ташкилотлар, тармоқ ва ҳудудлар олдидаги устувор вазифалар муҳокамаси юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Маълум қилинишича, сўнгги тўрт йилда 28 та илмий ташкилот ва 4 та инновацион технопарк ташкил этилган. Давлат раҳбари академик ва тадқиқотчилар билан бир неча бор учрашиб, улар кўтарган барча масалаларни ҳал қилиб берган. Олимларнинг иш ҳақи 3 баравар оширилган. Илмий ташкилотларнинг моддий-техник базасини янгилаш учун катта маблағлар йўналтирилган.

Йиғилишда таъкидланишича, 100 дан зиёд илмий ташкилотлар фаолиятида, улар томонидан олиб борилаётган изланишларда ҳали сезиларли ўзгариш бўлгани йўқ. Масалан, 24 та муассаса ўтган йили халқаро тан олинган журналларда бирорта ҳам илмий мақола чоп этмаган. Инновация вазирлиги илмдан ишлаб чиқаришгача бўлган жараёнларни ўзаро боғловчи яхлит тизим ва муҳитни йўлга қўя олмаяпти.

«Инновацион ишланмалар учун бюджетдан 100 миллиард сўм ажратилаётган бўлса-да, танлов натижаси бўйича бор-йўғи 29 миллиард сўмлик 51 та лойиҳа шакллантирилди, холос. Фанлар академияси тизимидаги 33 та илмий институт томонидан ўтган йили атиги 59 та патент олинган», дейилади хабарда.

Шунингдек, олий таълим муассасаларида илмий тадқиқотлар даражаси ўта паст, илм ва инновация масалалари бўйича масъул проректорлар умуман ишламаётгани қайд этилган.

«Олийгоҳ, илмий ташкилотлар, тармоқ ва ҳудудлар ўртасидаги мулоқот қандай? Бугун кун тартибида мана шу савол турибди. Афсуски, мулоқот талаб даражасида эмас», – дейди Шавкат Мирзиёев.

Аввалроқ Президент Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган автобусларнинг нархи хорижникига нисбатан юқори эканини танқид қилгани ҳақида хабар берилган эди. Шунингдек, Президент шошилинч тиббий ёрдам илмий марказидаги янги бино қурилиши билан танишгани ҳақида хабар берилган. Бундан ташқари, Президент 100 млн долларлик лойиҳалардан фақат биттаси фойдаланишга топширилганини кескин танқид қилган.

Янгиликлар