Ўзбекистонда меҳмонхоналар учун имтиёзлар 2021 йилгача узайтирилади

Ўзбекистонда меҳмонхоналар учун имтиёз ва преференсиялар 2021 йилгача узайтирилади. Бу ҳақда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси «Tez News»га маълум қилди.

Фото: «Tez News»

Таъкидланишича, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов 1 декабрь куни Ўзбекистон отелерлар Ассоциацияси аъзолари — Тошкент шаҳрининг энг йирик меҳмонхоналари эгалари ва бош менежерлари билан учрашув ўтказган. Унда Азиз Абдуҳакимов бугунги кунда меҳмонхоналар фаолиятини жонлантириши мумкин бўлган зиёрат туризмини ривожлантиришга оид лойиҳалар ишлаб чиқилаётганини таъкидлаган.

Шунингдек, Ўзбекистон отелерлар Aссоциацияси раиси Фарангиз Aбдуллаева меҳмондўстлик соҳасида даромадларни қўллаб-қувватлаш ҳамда иш ўринларини қисқартирмаслик мақсадида меҳмонхоналар учун жорий қилинган имтиёз ва преференсиялар муддатини 2021 йилнинг июн ойига қадар узайтиришни таклиф қилган.

Фото: Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси

Қўмита раисининг айтишича, лойиҳа доирасида Туркия, Эрон, Ҳиндистон, Покистон ва Бангладешнинг етакчи диний арбоблари билан Ўзбекистонга янги сайёҳлар оқими ташрифини ташкил қилишга доир музокаралар ўтказилган.

Учрашув якунига кўра, меҳмондўстлик соҳаси учун имтиёз ва преференсиялар муддатини 2021 йилнинг охирига қадар узайтириш ҳамда санитар норма ва қоидаларнинг ягона тизимини тасдиқлашга оид қарор қабул қилинган.

Аввалроқ Қорақалпоғистонда бир кунда 10 га яқин оилавий уй меҳмонхоналари очилгани ҳамда Навоийда салкам 65 миллиард сўмга қурилган тўрт юлдузли меҳмонхона иш бошлагани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар