Ўзбекистонда онкологик хизматни ривожлантиришга қаратилган хайрия жамоат фонди ташкил этилди

Соғлиқни сақлаш вазирлиги кўмагида Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт марказида «Ишонч» хайрия жамоат фонди ташкил этилди. Бу ҳақда вазирлик ахборот хизмати хабар қилди.

Фото: «Tez News»

Хабарга кўра, фонднинг асосий мақсади онкологик касалликларга чалинган одамларга, уларнинг оилаларига, шунингдек, тиббиёт муассасаларига, саратон касаллигига чалинганларга тиббий ёрдам кўрсатадиган шифокорларнинг фаолияти ҳамда уларнинг илмий тадқиқотларини қўллаб-қувватлашдан иборат.

Таъкидланишича, фонд Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 24 октябрда қабул қилинган «Онкологик хизматни янада ривожлантириш ва онкологик касалликларнинг кечки босқичларини бошидан ўтказаётган беморларга тиббий-психологик ёрдам кўрсатишни такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига мувофиқ ташкил этилган.

Шунингдек, фонднинг мақсадлари:

  • дори воситалари, тиббий буюмлар, тиббий асбоб-ускуналар, тадқиқотлар, муолажалар, шунингдек протезлар, ногиронлар аравачалари ва бошқа реабилитасия воситалари билан таъминлашни;
  • саратон касаллиги билан оғриётган беморларни бепул парвариш қилиш, қўллаб-қувватлаш, ижтимоий ва меҳнат реабилитасиясини;
  • психологик ҳуқуқий ва ахборий маслаҳат беришни ташкил этиш.

«Ўзбекистонда кўплаб хайрия ташкилотлари мавжуд, уларнинг орасида саратон касаллигига чалинган беморларга индивидуал ёрдам кўрсатаётганлари ҳам кам эмас. Бизнинг мақсадимиз беморларга тиббий ёрдам кўрсатишдан ташқари, онкологик соҳа ривожига, соғайиш кўрсаткичини янада оширишга ҳисса қўшишдир. Шунингдек, аёллар ва болалардан фарқли ўлароқ, эркаклар бундай хайрия ёрдамларини ҳар доим ҳам олавермайдилар. Кўп ҳолларда эркаклар оғир касаллик билан яккама-якка қолишга мажбур бўлади.

Статистика ва амалиёт шуни кўрсатадики, ўрта ва катта ёшдаги эркак учун хайрия ёрдамини олиш анча қийинроқ кечади. Шунинг учун ҳам, ‘Ишонч’ фонди фаолиятининг дастлабки даври учун устувор йўналиш этиб эркаклар саломатлигини яхшилашни танладик. Кейинчалик эса бошқа гуруҳ беморларни ҳам қамраб олиш, онкология соҳасида олиб бориладиган тадқиқотларни қўллаб-қувватлашни ният қилганмиз» — дейди марказ бош шифокори ўринбосари, «Ишонч» фонди ижрочи директори Дилноза Aгзамходжаева.

Aввалроқ Самарқандда «Samarkand Half Marathon» хайрия марафони ўтказилгани хабар қилинганди.

Янгиликлар