Ўзбекистонда янги ўқув йилидан бошлаб болалар 7 ёшга тўладиган йилида мактабга қабул қилинади

Ўзбекистонда 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб болалар 7 ёшга тўладиган йилида 1-синфга қабул қилинади. Бу ҳақда халқ таълими вазири ўринбосари Усмон Шарифхўжаевга асосланиб, «Kun.uz» хабар берди.

Фото: «Tez News»

Таъкидланишича, болани неча ёшдан мактабга бериш масаласи ота-оналар томонидан турлича талқин қилинган. Норматив ҳужжатларда 6–7 ёш деб белгиланган. Бошқа тартибда эса психолог хулосасига кўра, бола мактабга тайёр бўлса, муддатидан олдин 6 ёшда қабул қилиниши мумкин деган талқинлар ҳам бўлган ва бу кўплаб эътирозларга сабаб бўлган. Шу сабабли халқаро тажрибадан келиб чиқиб, 6 ёшли болаларни мактабга тайёрлов мажбурий равишда қонунга киритилган.

«Ўзбекистонда 2020 йил 23 cентябрда кучга кирган ‘Таълим тўғрисида’ги қонунга асосан, 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб бола 7 ёшга тўладиган йилда мактабга қабул қилиш тизими амал қилади. Бу эса ота-оналар ва педагоглар ўртасидаги ўзаро тушунмовчиликларга барҳам беради», – деди Шарифхўжаев 3 декабрь куни халқ таълими тизимидаги коррупция мавзусида ташкил этилган матбуот анжуманида.

Аввалроқ Ўзбекистонда мактаб битирувчилари учун Касбга йўналтириш тизими яратилгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Халқ таълими вазирлиги ота-оналардан болаларини мактабга юборишни сўрагани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар