Ўзбекистонда мактаб битирувчилари учун Касбга йўналтириш тизими яратилади
Ўзбекистонда 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб мактаб битирувчилари учун Касбга йўналтириш тизими жорий этилади. Бу ҳақда AОКAда ўтган брифингда Ўқувчиларни касб-ҳунарга йўналтириш ва педогогик-психологик республика ташхис маркази бўлим бошлиғи Ҳаёт Фозилжонов батафсил маълумот берди.
Унинг сўзларига кўра, Касбга йўналтириш тизими 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб умумтаълим муассасалари битирувчилари ўз иқтидори ва қизиқишларига мос касбни танлаб олиши, меҳнат бозорида муносиб ўрнини топиши, касбий фаолиятида муваффақиятга эришиши учун жорий этилади.
Шунингдек,
- 7-синфдан бошлаб ўқувчилар ўртасида интерактив сўровномалар ўтказилиб, касб-ҳунарга бўлган қизиқиши аниқланади ва уларнинг маълумотлар базаси яратилади;
- 7-синф ўқувчилари учун ҳар ойда бир марта «Касблар оламига саёҳат» мавзусида махсус курслар, 8-синф ўқувчилари учун ҳар чоракда камида бир маротаба «Менинг келажакдаги касбим» мавзусида семинар-тренинглар олиб борилади;
- 9-синф ўқувчиларининг касбий мойиллиги бўйича ўтказилган педагогик-психологик ташхислар натижалари асосида келгусида аниқ ишчи касблар бўйича касб-ҳунар мактабларида таълим олиши мумкин бўлган ўқувчилар ўртасида касбга йўналтириш ишларини олиб борилади.
Маълум қилинишича, тизимнинг афзаллиги — ўқувчилар тизимли равишда касб-ҳунарга йўналтирилиб борилади, онгли равишда касб танлашга ва тўғри танлашга эришилади.