Алишер Қодиров мактаблардаги ҳуқуқбузарликлар ошхоналар билан боғлиқлигини айтди

«Миллий тикланиш» демократик партияси раиси Алишер Қодиров мактаблардаги ҳуқуқбузарлик ва жиноятлар уларнинг ошхоналари билан боғлиқлигини айтди. У бу ҳақда ўзининг Telegram каналида пост қолдирган.

Фото: «Миллий тикланиш» демократик партияси матбуот хизмати

Депутат 10 мингта мактабнинг 3 мингтасида ошхона йўқлигини ёзган. Борларида ҳам шароит кутилганидан жуда узоқдалигини таъкидлаган.

«Француз педагоги Гуй Жакуин 18 ёшгача бўлган бола организмини порох бочкасига ўхшатади: ‘…унинг ҳар бир аъзосида соатбай оғриқли ўзгаришлар юз беради. Бу жуда оғир психо-физиологик стрессни юзага келтиради. Бу жараённинг катта қисми мактабда ўтади. Бола бу даврда ҳаётини издан чиқариб юборадиган мантиқсиз қарорлар қабул қилиши шу стресснинг таъсиридир. Бу стрессни самарали озиқлантириш орқали ўсишга хизмат қилдириш керак’, деган хулосани беради. Демак, мактабларимизда майда ҳуқуқбузарликлардан бошлаб, жиноятгача юз бераётганлиги ошхоналар билан боғлиқ», — дейди Алишер Қодиров.

Партия раиси бунинг олдини олиш учун эса давлат-хусусий шерикчилик асосида, барча мактабларда ошхоналар фаолияти йўлга қўйиш кераклиги ҳақида таклиф берган. Шунингдек, кам даромадли иш эканлигидан келиб чиқиб, мактаб ошхоналарини юритадиган тадбиркорларга имтиёзлар кўзда тутилиши муҳимлигини таъкидлаб ўтган.

«Мактабгача таълим соҳасида кенг қамровли қурилиш ишлари олиб борилмоқда. Бу жуда яхши, лекин замонавий муассаса бўлсаю, мазмуни бўлмаса, мақсадга эришиб бўлмайди. Бугун боғчаларда ишлаётган педагогларнинг 20 фоизга яқини олий маълумотли, холос. Улар ҳам 1 миллион сўм атрофида маош олишмоқда. Муаммоларга тўла тарбиячини болага меҳр кўрсатишига ишониш қийин. Боғчада бола агрессив муносабат кўрди дегани 10–15 йилдан кейин жамиятда агрессив кайфият кафолатланади дегани. Президент томонидан бекорга мактабгача таълимга жиддий эътибор қаратилаётгани йўқ. Чунки бу давр пойдевор давр. Пойдевор мустаҳкам бўлмаса, унинг устига қурилган бино мустаҳкам бўлмайди», — дея ёзган депутат.

Бундан ташқари, у мактабгача таълим тизимини профессионал педагоглар билан таъминлаш ва уларнинг қадрини кўтариш масаласи жиддий ўйланиши кераклигини айтиб ўтган. Шу билан бирга, мамлакатни қудратли бўлиши иқтисодий қувватимизни ошириш билан бир қаторда инсон капиталига тикиладиган сармоянинг миқдори ва сифатига ҳам боғлиқ эканлигини қайд этиб ўтган.

Аввалрлоқ Aлишер Қодиров «UzAuto Motors» атрофидаги воқеалар ҳақида фикр билдириб, компания ҳукуматга эмас, балки ҳукуматга ҳисобдор бўлмаган қўмитага арз қилгани ҳақида пост қолдирганди.

Янгиликлар