«‘ЎзЛиДеП’ бу можародан халқ ишончини суиистеъмол қилаётган бўлиб чиқаверади» — Aлишер Қодиров «UzAuto Motors» атрофидаги воқеалар ҳақида

«Миллий тикланиш» демократик партияси фракцияси раиси Алишер Қодиров «UzAuto Motors» ҳукуматга эмас, балки ҳукуматга ҳисобдор бўлмаган қўмитага арз қилгани ҳақида ўзиниг Telegram каналида пост қолдирди.

Фото: «mt.uz»

«‘UzAuto Motors’нинг ягона акциядори — ‘Ўзавтосаноат’. ‘Ўзавтосаноат’нинг ягона акциядори — ҳукумат. Ҳукумат сайловларда энг кўп овоз олган ‘ЎзЛиДеП’нинг тавсияси билан шаклланган. ‘ЎзЛиДеП’ ‘UzAuto Motors’ масаласини ўзи тавсия қилган ҳукуматга эмас, ҳукуматга ҳисобдор бўлмаган Рақобат қўмитаси ва прокуратурага арз қилди. Бу ишончсизликка сабаб нима?» — дея сўз бошлаган депутат.

Алишер Қодиров муаммонинг суд тартибида кўриб чиқилиши яхшилигини, халқ ҳақиқий ҳолатдан хабардор бўлишини, лекин суднинг қарори қандай бўлишидан қатъи назар, ‘ЎзЛиДеП’ бу муаммони аввал ҳукумат билан муҳокама қилиши кераклигини таъкидлаган.

«Монополистлар билан боғлиқ муаммо фақат ‘UzAuto Motors’да тугамайди. Халққа қиммат автомашина сотиб, зарар етказаётган монополистни судга бериб, таннархидан арзон электр энергия ва газни сотиб, зарарини бюджет маблағларидан қоплаб келаётган бошқа монополистнинг бошини силаб, ривожланиб бўлмайди. Бозор талаб ва таклифга таяниб, манфаат учун ишлаб чиқаради. Ҳамма нарса шаффоф бўлиши керак. Ҳар икки ҳолат ҳам Ўзбекистоннинг ривожига хизмат қилмайди.

Мамлакатда олиб борилаётган иқтисодий ислоҳотлар монополияларни босқичма-босқич тугатиш, бозорга мослаштириш, ЖСТга аъзолик шароитида рақобатга тайёрлашни мақсад қилган. Биз ҳали тўлиқ бозор талабларига жавоб берадиган иқтисодиётга эга эмасмиз. Ҳукумат мураккаб мувозанатни ушлаб туриш учун ностандарт қарорлар билан ишлашга мажбур бўлаётганини рад этиб бўлмайди. Шундай шароитда ўзи тавсия қилган ҳукуматнинг бу масаладаги фикрини эшитмасдан шовқин кўтариш узоқни ўйламасдан иш қилишдан бошқа нарса эмас», — дейди депутат.

Бундан ташқари, Алишер Қодиров тасдиқланмаган хабарларга кўра, айнан шу мунозара сабабли «UzAuto Motors»нинг хорижий ҳамкори томонидан йирик лойиҳа тўхтатиб қўйилганини ёзиб, бу минглаб Ўзбекистон фуқаролари учун режалаштирилган иш ўринлари бўлганини, даъво қаноатлантирилса, автомобиль нархлари мувофиқлаштирилиши, харидорларга етказилган зарар қоплаб берилиши ҳақида сўз юритган.

«Қаноатлантирилмасачи?!

Мамлакатнинг автомобилсозлик соҳасида йўқотишлар, етказилган зарарни қоплаш учун Рақобат қўмитаси раҳбариятининг истеъфоси ёки етакчи партиянинг узри етарли бўладими?

Қарор қандай бўлишидан қатъи назар, ўтган беш йилликда ҳам, бу беш йилликда ҳам ҳукуматни тавсия қилган (шу давр ичида автомобиль нархини белгилаб берган) ‘ЎзЛиДеП’ бу можародан халқ ишончини суистеъмол қилаётган бўлиб чиқаверади», — дея сўзини якунлаган депутат.

Эслатиб ўтамиз, Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан «UzAuto Motors» АЖда қонун ҳужжатлари талаблари асосида текшириш ўтказилганлиги ҳамда жамиятга нисбатан «Рақобат тўғрисида»ги қонуни талаблари бузилиши аломатлари бўйича иш қўзғатилганлиги тўғрисида хабар берилганди. Мазкур иш қўмита махсус комиссиясининг 19 август куни навбатдаги йиғилишида кўриб чиқилиб, жамият фаолиятига доир аниқланган бир қанча маълумотлар тақдим этилган. Кейинчалик «UzAuto Motors» автомобиллар нархини пасайтириш имконсиз эканлигини маълум қилган.

Аввалроқ депутат Расул Кушербаев «UzAuto Motors» иши юзасидан компаниянинг бирорта вакили ҳам қатнашмаётганлиги жуда ғалати эканлигини таъкидлаганди.

Янгиликлар