Қашқадарёда мактаб қозонхонасини 6 минг доллaрга сотмоқчи бўлган директор ушланди

Қашқадарёда қозонхона биносини 6 минг долларга сотмоқчи бўлган 7-сонли мактаб директори ушланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ахборот хизмати «Tez News»га хабар қилди.

Хабарга кўра, Департамент ҳамда ДХХнинг вилоят бошқармалари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда Шаҳрисабз тумандаги 7-сонли мактаб директори Б.С. мактаб балансида бўлган яроқсиз қозонхона биносини балансдан чиқариб, фирибгарлик йўли билан фуқаро A.га 6 минг долларга сотишни режалаштирган. Директор ҳужжатларни тайёрлаб бериш эвазига келишилган пулнинг 500 долларни олган вақтида ашёвий далил билан ушланган.

Шунингдек, Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ҳамда Давлат хавфсизлик хизматининг Қарши шаҳар бўлимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда Косон туманидаги 100-сонли мактаб директори ўринбосари Н.О. фуқаро Х.нинг ишончига кириб, мансабдор танишлари орқали шу мактабга психолог вазифасига ишга жойлаштириб қўйиш эвазига 1,2 минг доллар сўраб, шундан 800 долларни олган вақтида ашёвий далил билан ушланган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Аввалроқ Фарғона шаҳрида «Nexia 3»ини жарима майдонидан чиқариш учун ЙПХ инспекторига пора таклиф қилган эркак ушлангани, Тошкент темир йўл вокзали қўриқлаш хизматига ишга киритиб қўйиш учун 2 минг доллар олган эркак ушлангани хабар қилинган эди.

Шунингдек, Булунғурда 1200 доллар эвазига фаррошликка жойлаб қўймоқчи бўлган поликлиника ходими ва Бухорода 45 миллион сўм эвазига ИИОга ишга киритиб қўймоқчи бўлган эркак ушлангани маълум қилинганди.