Тошкент темир йўл вокзали қўриқлаш хизматига ишга киритиб қўйиш учун 2 минг доллар олган эркак ушланди

Тошкент темир йўл вокзали қўриқлаш отрядига ишга киритиб қўйиш учун 2 минг доллар олган эркак қўлга олинди.

Қайд этилишича, «Ўзбекистон Темир йўллари» акциядорлик жамиятига қарашли «Ўзвагонтаъмир» акциядорлик жамияти «Ховос вагонларни таъмирлаш депоси» ишчиси темир йўл соҳасида юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали фуқарони Тошкент темир йўл вокзалининг қўриқлаш отрядига ишга киритиб қўйишини айтган.

Эркак ушбу иши эвазига 2 минг доллар олган вақтида ДХХ Сирдарё вилояти бошқармаси ҳамда Департаментнинг вилоят бошқармаси ходимлари томонидан қўлга олинган. Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Бундан аввал Булунғурда 1200 доллар эвазига фаррошликка жойлаб қўймоқчи бўлган поликлиника ходими ва Бухорода 45 миллион сўм эвазига ИИОга ишга киритиб қўймоқчи бўлган эркак ушлангани ҳақида хабар қилинган эди. Кейинчалик Қаршида тарозибонликка ишга кирмоқчи бўлган одамдан 80 минг доллар талаб қилган эркак ҳамда Бухоро шаҳрида иш ва ўқишга жойлашини айтиб, фуқародан 400 доллар олаётган боғча тарбиячиси ушлангани маълум қилинганди.

Янгиликлар