Фарғона шаҳрида «Nexia 3»ини жарима майдонидан чиқариш учун ЙПХ инспекторига пора таклиф қилган эркак ушланди

Фарғона шаҳрида 10 октябрь куни «Nexia 3» ҳайдовчиси ЙПХ инспекторига автомашинасини жарима майдонидан чиқариб бериш эвазига 300 минг сўм пора таклиф қилган вақтда қўлга олинди. Бу ҳақда ИИБ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Таъкидланишича, Фарғона вилояти ИИБ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ЙПХ инспектори сафдор Э.Б. 9 октябрь куни, «Nexia 3» транспорт воситасини тегишли рухсатномасиз автомобиль ойнасининг тусини ўзгартирилгани учун ҳайдовчига нисбатан маъмурий баённома расмийлаштириб, вақтинча сақлаш учун жарима майдонига олиб кираган. Шундан сўнг, 10 октябрь куни ҳайдовчи А.Ғ сафдор Э.Б.га қўнғироқ қилиб, жарима майдончаси олдида учрашиб, гаплашиб олиши кераклигини айтган.

Учрашув вақтида ҳайдовчи А.Ғ сафдор Э.Б.га транспорт воситасини жарима майдончасидан чиқариб бериши учун 500 минг сўм миқдорида пора таклиф қилган. ЙПХ инспектори ҳайдовчига пора бериш жинояти борлиги ва жиноий жавобгарликка тортилиши ҳақида бир неча маротаба огоҳлантиришига қарамасдан, ҳайдовчи пора таклиф қилишда давом этган.

Шундан сўнг, сафдор Э.Б.нинг тегишли тартибдаги билдиргиси асосида ИИВ ЎХБ Фарғона вилояти бўйича бўлими, Фарғона шаҳар прокуратураси ходимлари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилган. Тадбир давомида фуқаро А.Ғ сафдор Э.Б.га Фарғона шаҳар, Саккокий кўчасида жойлашган жарима майдончасининг кириш эшиги олдида 300 минг сўм миқдоридаги пулларни пора тариқасида берган вақтида тадбир иштирокчилари томонидан ҳолислар иштирокида ушланган.

Мазкур ҳолат юзасидан тегишли тартибда процессуал ҳужжатлар расмийлаштирилиб, тўпланган ҳужжатлар ҳуқуқий баҳо бериш учун Фарғона шаҳар прокуратурасига юборилди.

Аввалроқ Қўшработда «Мalibu»сини жарима майдонидан чиқариш учун ИИБ ходимига пора таклиф қилган йигит ушлангани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар