Самарқанддаги мактаб қозонхонаси портлади

Самарқанд шаҳридаги мактаблардан бирининг қозонхонасида портлаш содир бўлиши оқибатида қозонхона назоратчиси вафот этди, дея хабар берди «Дарё».

Фото: «Tez News»/Иллюстратив

Айтилишича, воқеа 2021 йилнинг 2 январидан 3 январга ўтар кечаси 4-умумтаълим мактабида содир бўлган.  2 январь, шанба куни тахминан соат 23:00 да мактабда ва ушбу ҳудуддаги маҳаллаларда 40 дақиқа электр узилиши кузатилган. Оқибатда газ босими кўтарилган. Мактабнинг қозонхона назоратчиси 50 ёшли Ҳ. қозонхонага кирганида портлаш содир бўлган. Портлаш натижасида ҳеч қандай ёнғин келиб чиқмаган.

Портлаш натижасида бошидан оғир тан жароҳати олган қозонхона ишчиси Республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий маркази Самарқанд вилоят бўлимига ётқизилган. 3 январь куни кўрсатилган тиббий ёрдамга қарамасдан, у вафот этган.

Аввалроқ Ўзбекистонда 2020 йилда ис газидан заҳарланиб вафот этганлар сони очиқланганди. Унга кўра, 2020 йилда 106 нафар фуқаро ис газидан заҳарланиб вафот этган.