Самарқанддаги мактаб қозонхонасида содир бўлган портлаш бўйича маълумот берилди

Самарқанд шаҳридаги мактаблардан бирининг қозонхонасида портлаш содир бўлиши оқибатида қозонхона назоратчиси вафот этгани ҳақда хабар берилган эди. Вилоят Ички ишлар бошқармаси ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилганини маълум қилди.

Фото: «Tez News»

Хабарга кўра, ҳодиса юзасидан Самарқанд шаҳри бўйича ИИО ФМБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 257-моддаси (Меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш) 2-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилган.

Эслатиб ўтамиз, воқеа 2021 йилнинг 2 январидан 3 январга ўтар кечаси 4-умумтаълим мактабида содир бўлган.  2 январь, шанба куни тахминан соат 23:00 да мактабда ва ушбу ҳудуддаги маҳаллаларда 40 дақиқа электр узилиши кузатилган. Оқибатда газ босими кўтарилган. Мактабнинг қозонхона назоратчиси 50 ёшли Ҳ. қозонхонага кирганида портлаш содир бўлган. Портлаш натижасида ҳеч қандай ёнғин келиб чиқмаган.

Портлаш натижасида бошидан оғир тан жароҳати олган қозонхона ишчиси Республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий маркази Самарқанд вилоят бўлимига ётқизилган. 3 январь куни кўрсатилган тиббий ёрдамга қарамасдан, у вафот этган.

Аввалроқ Ўзбекистонда 2020 йилда ис газидан заҳарланиб вафот этганлар сони очиқланганди. Унга кўра, 2020 йилда 106 нафар фуқаро ис газидан заҳарланиб вафот этган.

Янгиликлар