ДТМ кириш имтиҳонлари юзасидан расмий баёнот берди

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази (ДТМ) олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларининг ўтказилиши юзасидан баёнот берди.

Маълум бўлишича, турли интернет нашрларида кириш имтиҳонлари усти очиқ катта майдонларда, эрталаб ва кечки сменада ўтказилиши, шунингдек, аниқ саналар белгиланганлиги тўғрисида хабарлар тарқалган. ДТМ бу борада синов жараёнларини, энг аввало, тест топширувчилар саломатлиги хавфсизлигини таъминлаган ҳолда ташкил этиш борасида турли вариантлар ўрганиб чиқилаётганлигини таъкидлаган.

«Қайд этиш керакки, ушбу ҳаракатлар ҳали ўрганиш босқичида бўлганлиги сабабли ҳозирдан ‘шундай бўлади’ қабилида хабарлар тарқатиш абитуриентларни чалғитиши, тестга тайёргарлик жараёнига таъсир кўрсатиши мумкин.

Шуларни ҳисобга олиб, Давлат комиссияси кўрсатмаси асосида соғлиқни сақлаш ташкилотлари билан биргаликда жорий йил қабул тест синовларини ўтказиш учун мақбул ва хавфсиз жойлар танланиб, аниқ саналар белгилангач, Давлат тест маркази томонидан оммавий ахборот воситалари орқали ишончли хабар берилади», дейилади хабарда.

Шунингдек, Давлат тест маркази хабарида бунга қадар абитуриентлардан турли хабарларга эътибор қилмасдан, вақтдан унумли фойдаланишларини, тест синовига пухта тайёргарлик кўришни давом эттиришларини сўраган.

Аввалроқ Ўзбекистонда ОТМларга кириш имтиҳонлари 1-сентябрдан кейин ўтказилиши мумкинлиги маълум қилинганди. Шунингдек, Ўзбекистонда 2020/2021 ўқув йилида абитуриентлар энг кўп ҳужжат топширган ОТМлар ҳамда қанча мактаб битирувчиси ҳужжат топширгани ҳақида маълумот берилганди.

Янгиликлар