Фарғонада Telegram орқали ИИБ ходимини «жиҳод»га ундаган 22 ёшли қиз қўлга олинди

Фарғона вилояти Ёзёвон туманида Тelegram орқали ақидапарастлик ғоялари мавжуд бўлган аудио ва видео материалларни тарқатиш билан шуғулланган 22 ёшли қиз К.О.га нисбатан 5 йил 6 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Маълум бўлишича, К.О. диний қизиқиши туфайли Тelegram’да тақиқланган ақидапарастликни тарғиб қилувчи каналларга қўшилиб қолган. Кейинчалик «Мужоҳид» номли аккаунт фойдаланувчисидан ички ишлар ходимига турмушга чиқиб, ўзига эргаштириб, у билан «жиҳод қилиш» топшириғини олган. Қиз ИИБ профилактика инспектори Ю.О.нинг телефон рақамини топиб, бир неча кун давомида унга турли диний ақидапарастлик ғоялари, «жиҳод»га чорловчи материалларни жўнатган. Агарда уни фош қилса, инспектор ва унинг оиласига таҳдид мазмунидаги материаллар юборган.

Шунингдек, қиз Фарғона политехника институти талабаси билан Тelegram орқали танишиб, унга диний мазмундаги материалларни юборган ҳамда бир қатор топшириқларни берган. Тезкор тадбирлар натижасида мазкур материалларни юборган К.О.га нисбатан жиноят иши қўзғатилган.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги дин ишлари бўйича қўмитанинг суд-адабиётшунослик экспертизаси хулосасига кўра, юборилган аудио, видео ва бошқа форматдаги материаллар амалдаги давлат тузумини Конституцияга хилоф равишда ўзгартиришга хизмат қилиши, ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилгани, шу сабабли уларни Ўзбекистон ҳудудида тайёрлаш, олиб кириш ва тарқатиш тақиқланиши кўрсатилган.

Жиноят ишлари бўйича Ёзёвон туман суди томонидан қизга нисбатан тегишли моддалар билан 5 йил 6 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Жиноят кодексининг 72-моддаси (Шартли ҳукм қилиш) тартибида 3 йил синов муддати белгиланган.

Аввалроқ ДХХ Қашқадарёда «Жиҳодчилар» гуруҳи фаолиятига чек қўйгани, Aндижонда «Жиҳодчилар» гуруҳига қўшилиб қолган йигит ва Бойсунда «Жиҳодчилар» гуруҳининг аъзолари қўлга олингани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар