Ўзбекистон ва Туркия парламентлари раҳбарларининг телефон орқали мулоқоти бўлиб ўтди

Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Норбоева 4 август куни Туркия Буюк Миллат Мажлиси раиси Мустафа Шентоп билан телефон орқали мулоқоти қилди. Бу ҳақда Олий Мажлис Сенати ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Олий Мажлис Сенати ахборот хизмати

Хабарда айтилишича, Туркия Республикаси Буюк Миллат Мажлиси раиси коронавирус пандемиясини тезроқ енгишни тилаб, бу борада Туркия Ўзбекистонга ёрдам беришга тайёр эканини билдирган.

Мулоқот давомида икки мамлакат парламетлари ўртасида имзоланган ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум ўзаро алоқаларнинг шартнома-ҳуқуқий асосини яратиш билан бирга амалий чора-тадбирлар амалга оширишни тақозо этиши борасида тўхталиб ўтилган.

Шунингдек, мулоқотда 2020 йил февралда бўлиб ўтган Ўзбекистон Президентининг Туркияга ташрифи доирасида икки давлат раҳбарлари ҳамраислигидаги олий даражадаги Ўзбекистон—Туркия стратегик ҳамкорлик кенгашининг илк йиғилиши якуни бўйича эришилган келишувларни амалга оширишда ўз ваколатлари доирасида парламентлар ҳам муносиб ҳисса қўшиши кераклиги қайд этилган.

Бундан ташқари, шакллантирилган дўстлик гуруҳлари томонидан парламентлараро ҳамкорлик борасида фикр алмашилаётгани, Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти билан Туркия Буюк Миллат Мажлисининг Тадқиқот маркази ўртасидаги алоқаларни янада ривожлантиришга урғу берилган.

Аввалроқ Танзила Норбоева одам савдосига қарши курашиш бўйича халқаро анжуманда иштирок этгани ва Ўзбекистонда барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш бўйича парламент комиссияси ташкил қилингани ҳақида хабар берилганди.

Маълумот учун, Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлиси 7 август куни чақирилади.

Янгиликлар