Ўзбекистонда статистика органларининг қонуний фаолиятига аралашишга йўл қўйилмайдиган бўлди

«Ўзбекистон Республикасининг миллий статистика тизимини янада такомиллаштириш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарори қабул қилинди. Қарор билан Ўзбекистоннинг миллий статистика тизимини такомиллаштиришнинг устувор йўналишлари белгиланди, деб хабар берди Адлия вазирлиги.

Қарорга мувофиқ, Давлат статистика қўмитаси расмий статистикани шакллантириш билан боғлиқ ўз ваколатларини барча давлат органлари ва ташкилотларидан мустақил амалга оширади ва қўмита томонидан шакллантириладиган статистика маълумотлари расмий статистика ахбороти сифатида эълон қилинади.

Таъкидланишича, статистика органларининг қонуний фаолиятига ҳар қандай аралашишга йўл қўйилмайди. Шунингдек, ҳудудий статистика бошқармалари, туманлар (шаҳарлар) статистика бўлимлари маҳаллий давлат ҳокимияти органларидан мустақил бўлиб, бевосита Давлат статистика қўмитасига бўйсунади.

Статистика органларини сифатли ва ишончли маълумотларни шакллантиришга, статистика маълумотларининг шаффофлиги ва ошкоралигини оширишга қаратилган профессионал мустақил хизматга айлантириш қарорнинг устувор йўналишлардан бири ҳисобланади, дейилади хабарда.

Қарор билан 2020–2025 йилларда Ўзбекистон статистикасини ривожлантиришнинг миллий стратегияси ва уни амалга ошириш бўйича «Йўл харитаси» тасдиқланган.

Аввалроқ Статистика қўмитаси Ўзбекистонда ЯИМ ўсиши 2020 йилнинг биринчи ярим йиллигида 0,2 фоизга секинлашганини, 2020-йилнинг биринчи ярмида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришда етакчи вилоятлар аниқланганини ва Ўзбекистонда биринчи ярим йилликда ташқи савдо ҳажми 18 фоизга камайганини маьлум қилганди.

Янгиликлар