Тошкентда коронавирусга чалинган 41 ва 80 ёшли беморлар вафот этди

Зангиота юқумли касалликлар шифохонаси реанимация бўлимида коронавирусга чалинган пойтахтлик ва сирдарёлик икки нафар эркак вафот этди, деб хабар берди Соғлиқни сақлаш вазирлиги.

Беморлардан бири Тошкент шаҳри Миробод туманида яшаган 80 ёшли О.А. (эркак) 2020 йил 28 июль куни Зангиота юқумли касалликлар шифохонаси реанимация бўлимига ётқизилган. Унга COVID-19 инфекциясининг ўта оғир кечиши, икки томонлама пневмония ташхиси қўйилган. Хасталик ўткир респиратор дистресс синдроми, ўткир нафас етишмовчилиги асоратлари билан кечган.

Шунингдек, бемор юрак ишемик касаллиги, стенокардия, гипертония каби ҳамроҳ касалликлар билан ҳам оғриган. Бемор ўткир нафас, юрак-қон томир ва полиорган етишмовчилигидан вафот этган.

Яна бири эса Сирдарё вилояти Сирдарё туманида яшаган 41 ёшли бемор Ф.Т. (эркак)да COVID-19 инфекцияси тасдиқлангач, Зангиота юқумли касалликлар шифохонаси реанимация бўлимига ётқизилган. Унга ҳам коронавирус инфекциясининг ўта оғир кечиши, икки томонлама пневмония ташхиси қўйилган. Хасталик ўткир респиратор дистресс синдроми, ўткир юрак-қон томир ва нафас етишмовчилиги, ўпка шиши, ўпка артерияси тромбоэмболияси каби асоратлар билан кечган.

Бундан ташқари, бемор қандли диабет, юрак ишемик касаллиги, стенокардия, гипертония каби ҳамроҳ касалликлар билан ҳам оғриган. Эркак ўткир нафас ва юрак-қон томир етишмовчилиги, ўткир респиратор дистресс синдроми, ўпка шишидан вафот этган.

Аввалроқ Навоийда 44 ёшли ва Қашқадарёда 70 ёшли эркак коронавирус асоратларидан вафот этгани ҳақида хабар берилганди.

Маълумот учун, 2020 йил 4 август соат 10:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 26 550 нафарни ташкил этган. Шундан 17 262 нафари соғайган бўлса, 9127 нафар беморга шифокорлар томонидан белгиланган стандартлар бўйича даво чоралари кўрилмоқда.

Янгиликлар