Ўзбекистонда 2021 йилда коррупцион жиноятлар оқибатида қанча зарар етказилгани маълум қилинди

Ўзбекистонда 2021 йилда коррупцион жиноятлар оқибатида давлат ва жамият манфаатларига 1 триллион 282 миллиард сўм моддий зарар етказилган.

Қайд этилишича, мамлакатда коррупцион жиноятларга қарши олиб борилган фаол ишлар натижасида 2021 йилда республика бўйича 3 769 та коррупцияга оид жиноят иши судларга юборилган. Ушбу жиноятлар оқибатида давлат ва жамият манфаатларига 1 триллион 282 миллиард сўм миқдорида моддий зарар етказилган. Ушбу кўрсаткич 2020 йилга нисбатан 3 бараварга ошган.

Аксарият коррупцияга оид жиноятлар Соғлиқни сақлаш, Халқ таълими, Мактабгача таълим, Олий ва ўрта махсус таълим вазирликлари ҳамда банк тизими ташкилотларига тўғри келган.

Ҳудудлар кесимида Тошкент шаҳри, Сурхондарё, Навоий, Андижон, Фарғона, Наманган, Қашқадарё, Хоразм вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикасида энг ёмон кўрсаткичлар қайд этилгани танқид қилинган.

Шунингдек, сенаторлар томонидан «Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили»да амалга оширишга оид давлат дастурининг 2022 йил И ярим йиллиги якуни бўйича бажарилиши юзасидан Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботи ҳам дастлабки тарзда муҳокама қилинган.

Ҳисоботни кўриб чиқиш жараёнида таъкидланишича, давлат бюджетининг жами харажатлари 103,0 триллионга етган, амалга оширилган жами харажатлар ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 29,9 фоизга ортган.

Мажлис сўнггида муҳокама қилинган масалалар юзасидан қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинган.

Янгиликлар