Aсакада қишлоқ врачлик пункти 2 млрд сўмдан ортиқ маблағга реконструкция қилинаётгани маълум бўлди (фото)

Фуқаролар томонидан билдирилган «‘Чек’ МФЙда жойлашган ҚВП биноси яроқсиз холга келиб қолган» мазмунидаги мурожаат юзасидан Aндижон вилояти Aсака туман тиббиёт бирлашмаси расмий муносабат билдирди. Бу ҳақда туман ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Aсака тумани ҳокимлиги ахборот хизмати

Маълум қилинишича, Aсака туман тиббиёт бирлашмаси тасарруфидаги «Чек» маҳалла фуқаролар йиғинининг қишлоқ врачлик пункти таъмирланаётганлиги сабабли вақтинча туман халқ таълими бўлимига қарашли 39-ўрта таълим мактабига қарашли бинода ўз фаолиятини олиб бормоқда.

Қайд этилишича, «Чек» ҚВП биноси 2019 йил дастур асосида вилоят маблағлари ҳисобига реконструкцияга туширилган. Реконструкция ишлари «Миллий қурилиш» масъулияти чекланган жамияти ҳисобидан 2 миллиард 75 миллион сўм маблағ эвазига бажарилаётгани қайд этилган.

Фото: Aсака тумани ҳокимлиги ахборот хизмати

Шунингдек, реконструткция ишларининг 95 фоизи бажарилган. Пардозлаш ишлари якунига етказилиши режалаштирилган. Бинога керакли жиҳозлар олдиндан олиб келинган. Бинонинг реконструкция ишлари 10 сентябрь куни якунланиши ва фойдаланишга топширилиши режалаштирилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Жалақудуқ туманида 60 ўринли хусусий шифохона очилгани ҳақида хабар берилган эди. Кейинчалик Aндижонда 200 ўринли кўп тармоқли даволаш маркази иш бошлагани маълум қилинди.

Шунингдек, Бўстонда 4 та маҳалла фуқаролар йиғини бинолари фойдаланишга топширилганди.

Янгиликлар