Наманганда 184 та масжидда 6 ойлик танаффусдан сўнг жума намози ўқилди (фото)

Наманган вилоятидаги 184 та масжидда 6 ойлик танаффусдан сўнг жума намози ўқилди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Наманган вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати

Маълум қилинишича, вилоятдаги 184 та масжидда 4 сентябрь куни жума намози адо этилди. Масжидларнинг барчаси дезинфекцион «тўшак»лар, тана ҳароратини ўлчайдиган қурилмалар, антисептик воситалар билан таъминланди.

Фото: Наманган вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати

Ижтимоий масофаланишга имкон берувчи ажратувчи чизиқлар тортилди. Намозхонлар ибодатга тиббий ниқобда келишига эътибор қаратилди. Буни ёдидан чиқарганлар учун эса ниқоб берилиши йўлга қўйилди.

Фото: Наманган вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати

«Орадан деярли 6 ой вақт ўтиб, масжидимизда жума намози ўқилди. Уч асрдан ортиқ тарихга эга ва 5 минг кишини сиғдира оладиган масжидимиз нафақат Наманганда, балки бутун Марказий Осиёда ҳам довруқ қозонган. Бугунги дуоларимизда намозхонларнинг масжидларимизга келишлари бардавом бўлишини сўрадик«, — дейди Косонсой туманидаги «Аълохон Махдум» жоме масжиди имом-хатиби Қодирхон Азизов.

Фото: Наманган вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати

Маълумот учун, Наманган вилоятида 2020 йил 13 март куни охирги жума намози ўқилган эди.

Эслатиб ўтамиз, Бухорода жума намози 25 мингдан ортиқ киши иштирокида адо этилган. Аввалроқ Ўзбекистонда 4 сентябрдан масжидда жума намозларини ўқиш мумкин бўлгани ҳамда Ўзбекистонда 5 сентябрдан кейин қайси карантин чоралари сақланиб қолиниши аниқ бўлгани ҳақида хабар қилинганди.

Янгиликлар