Ромитанда Миллий гвардия ходимлари 49 та мактабнинг янги ўқув йилига тайёргарлик ҳолатини текширди (фото)

Миллий гвардия Бухоро вилояти бўйича бошқармасига бириктирилган сектор ҳудуди таркибидаги Ромитан туманида жойлашган 49 та умумий ўрта таълим мактаблари ҳамда 30 та мактабгача таълим муассасасида ўрганиш ишлари олиб борилди. Бу ҳақда Миллий гвардия матбуот хизмати хабар қилди.

Фото: Миллий гвардия матбуот хизмати

Хабарга кўра, Миллий гвардия ҳамда Ромитан туман ҳокимлиги масъул ходимларидан иборат ишчи гуруҳ томонидан «Ўзбекистон Республикасида COVID-19 пандемияси даврида умумий ўрта таълим мактаблари ва ўрта махсус мактаб-интернатларининг фаолиятини ташкиллаштириш бўйича вақтинчалик санитария-эпидемиологик талаблари тўғрисида»ги норматив-ҳуқуқий ҳужжат талаблари асосида мактабларнинг янги ўқув йилига тайёргарлик жараёни кўздан кечирилган.

Фото: Миллий гвардия матбуот хизмати

Ўрганиш давомида чекка ҳудудлардаги мактабларда карантин талабларининг тўғри йўлга қўйилганлиги, барча умумтаълим мактаблари ва махсус мактаб-интернатларнинг коронавирусга қарши хавфсиз иш муҳитини таъминлашга қаратилган чора-тадбирларнинг тўғри ташкил этилганлик ҳолати кўриб чиқилган.

Фото: Миллий гвардия матбуот хизмати

Қайд этилишича, машғулотларни соат 8:00 дан бошлаб, 17:30 гача бўлган вақт оралиғида смена асосида ташкил этилиши, муассасаларда оммавий тадбирлар ўтказишнинг чекланиши, мактабларга киришда тиббий пункт ташкил этилиб, ўқувчи ва ходимларнинг тиббий назоратдан ўтказилиб, тегишли журналларда қайд этиб борилиши, синфларда ҳар бир ўқувчига 2 м² дан кам бўлмаган майдон ажратилган бўлиши, юқумли касалликлар белгилари аниқланган ўқувчи ва ходимлар тез ёрдам гуруҳи ёки ота-оналар келгунига қадар изоляция қилиниши шартлиги тўғрисидаги талаблар тушунтирилиб, аниқланган бир қатор камчиликларни бартараф этиш юзасидан муассаса раҳбарларига қатъий топшириқлар берилган.

Фото: Миллий гвардия матбуот хизмати

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шерзод Шерматов Самарқанддаги мактабларнинг янги ўқув йилига тайёргарлиги билан танишгани ҳамда Жомбойдаги 7 та мактабда янги ўқув йилига тайёргарлик ишлари қониқарли эмаслиги ҳақда хабар қилинганди.

Янгиликлар