Шофиркон ҳокими тумандаги «темир дафтар»га киритилган оилалар билан учрашди

Бухоро вилояти Шофиркон тумани ҳокими 3 сентябрь, пайшанба куни Пешку тумани билан чегарадош «Искогаре» МФЙда бўлиб, у ерда «темир дафтар»га киритилган аҳоли билан учрашув ўтказди, деб хабар берди Бухоро вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати.

Фото: Шофиркон тумани ҳокимлиги матбуот хизмати

Маҳаллада истиқомат қилаётган оилаларнинг 52 таси ижтимоий муҳофазага муҳтожлар қаторида «темир дафтар»га киритилган бўлиб, туман ҳокими Шукурулла Ҳакимов ўзи раҳбарлик қилаётган 1-сектордаги оилалар вакиллари билан учрашиб, уларнинг муаммоларини ўрганган.

Фото: Шофиркон тумани ҳокимлиги матбуот хизмати

«Турмуш ўртоғим Шерзод Раҳматов ҳозирда ишсиз. Пандемия сабабли иш жойидан айрилган. Икки нафар фарзандим билан қийналиб қолганимизда туман ҳокими бизнинг ҳолимиздан хабар олгани келганидан мамнунмиз. Тикувчиликка уқувим борлиги, аммо тикув машинкасига эга эмаслигимни билганларидан сўнг «Агробанк« туман бўлими раҳбарига топшириқ бериб, менга уч йиллик имтиёзли кредит асосида кўп функцияли замонавий тикув машинкаси олиб берилишини билдирдилар. Бу биз учун катта ёрдам, албатта», — дейди Гулхаё Толипова.

Фото: Шофиркон тумани ҳокимлиги матбуот хизмати

Учрашув давомида камхарж оилаларга қўй-қўзи ёки парранда боқиши, ҳовлисида чоғроқ иссиқхона ташкил этиб, экин экиши, ўз даромадига ўзлари эга бўлишлари хусусида тушунтирилиб, масъул идоралар раҳбарларига тижорат банклари имтиёзли кредитлари билан уларни қўллаб-қувватлашга доир кўрсатмалар берилган.

Аввалроқ Олтинкўл ҳокими эҳтиёжманд оилаларнинг яшаш шароити билан танишгани, Бўстонда «темир дафтар»га киритилган 3 нафар фуқаро ишга жойлангани ҳамда Каттақўрғонда «темир дафтар»даги 25 нафар фуқарога озиқ-овқат тарқатилгани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар