Ўзбекистонда йил бошидан бери 32 мингдан ортиқ аёл зўравонликка учрагани айтилди

Жорий йил сентябрь ҳолатига Ўзбекистонда хотин-қизларга тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг 27 мингдан ортиғи — оилада содир этилган. Бу ҳақда 3 октабрь куни АОКАда ўтказилган матбуот анжмунида Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Озода Парпибоева маълум қилди.

Бундан ташқари, яна 3 мингдан ортиқ хотин-қиз — кўчада, 1 мингдан ортиғи — жамоат жойида, 81 таси — таълим муассасасида, 429 таси — иш жойида зўравонлик қурбонига айланган.

Шунингдек, 9155 та жисмоний зўравонлик, 68 та жинсий зўравонлик, 340 та иқтисодий зўравонлик, 18 мингдан ортиқ руҳий зўравонлик, 6 мингдан ортиқ тазйиқ ҳолатлари аниқланган.

Таъкидланишича, тазйиқ ва зўравонликдан жабр кўрган 32 783 нафар хотин-қизларга ҳимоя ордерлари берилган.

«Ҳимоя ордери бериш натижасида 16 мингдан ортиқ оила яраштирилди, 14 мингдан ортиқ низо бартараф этилди, расмийлаштирилган 2862 та ҳимоя ордери натижасида маъмурий/жиноий жавобгарлик белгиланиб, хотин-қизларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланди», — деди АОКАдаги чиқишида Озода Парпибоева.

Шунингдек, чекка ҳудудлардаги маҳаллаларда истиқомат қилувчи аёллар учун ижтимоий реабилитация қилиш хизматини кенгайтириш мақсадида 28 та ҳудудий ва намунали туманлараро марказлар қошида 135 та ижтимоий маслаҳатхона ташкил этилганини қўшимча қилган.

Янгиликлар