Коронавирус «daily» — пандемия бўйича 4 ноябрнинг асосий хабарлари

«Worldometers» маълумотларига кўра дунё бўйича коронавирус билан касалланганлар сони 48,1 миллиондан ошди.

«Worldometers»нинг 4 ноябрь, чоршанба куни Тошкент вақти билан соат 22:30 даги маълумотларига кўра:

  • дунё бўйича инфекция билан касалланганлар 48 162 713 киши;
  • касалликдан тузалганлар 34 506 403 киши;
  • инфекция оқибатида вафот этганлар 1 225 155 кишини ташкил этади.

Шунингдек, сўнгги сутка давомида дунё бўйлаб 319 872 та касалланиш ҳамда 5421 та ўлим ҳолати қайд этилган.

Ўзбекистондаги вазият

Ўзбекистонда 4 ноябрь соат 23:00 ҳолатига кўра коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 67 845 тани ташкил этмоқда.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати

Мамлакатда 4 ноябрь куни 219 ҳолатда касаллик қайд этилган бўлиб, барчаси тана ҳарорати кўтарилганлиги боис профилактика мақсадида ҳамда коронавирусга чалинган беморлар билан мулоқотда бўлганлиги сабабли намуна олинган фуқаролар орасида аниқланган.

Кунлик касалланиш ҳолатларининг 89 таси Тошкент шаҳрида, 59 таси Тошкент вилоятида, 12 таси Сирдарё вилоятида, 10 таси Андижон вилоятида, 9 нафари Наманган вилоятида, 9 нафари Хоразм вилоятида, 6 таси Жиззах вилоятида, 5 таси Қашқадарё вилоятида, 5 таси Самарқанд вилоятида, 5 таси Сурхондарё вилоятида, 5 таси Фарғона вилоятида, 3 таси Навоий вилоятида ҳамда 2 таси Қорақалпоғистонда қайд этилган.

Ўзбекистонда коронавирусдан вафот этганлар сони 577 нафарга етган. 4 ноябрь куни 3 нафар коронавирусга чалинган бемор вафот этган.

Кун давомида Тошкент шаҳрида 102 нафар, Тошкент вилоятида 55 нафар, Андижон вилоятида 12 нафар, Наманган ва Сирдарё вилоятларида 11 нафардан, Жиззах вилоятида 8 нафар, Сурхондарё вилоятида 7 нафар, Қашқадарё ва Самарқанд вилоятларида 6 нафардан, Хоразм вилоятида 4 нафар, Фарғона вилоятида 3 нафар, Қорақалпоғистонда 2 нафар, жами 227 нафар бемор соғайган.

Ҳозирда касаллик қайд этилган жами 67 845 нафар бемордан 65 112 нафари соғайиб, даволаниш кўрсаткичи 96 фоизни ташкил этмоқда. Айни пайтда тиббиёт муассасаларида даволанаётган 2156 нафар бемордан 256 нафари оғир, 68 нафари эса ўта оғир аҳволда.

Аввалроқ Ўзбекистонда 3 ноябрь куни 231 кишида коронавирус аниқлангани ва 1 нафар бемор вафот этгани ҳақида хабар берилган эди.

Жаҳондаги вазият

Дунё бўйлаб коронавирус тарқалиши бўйича қуйидаги мамлакатлар вирус «ўчоғи» бўлиб турибди:

АҚШда COVID-19 пандемияси даврида умумий ҳисобда 9 706 838 кишида вирус қайд этилган. Мамлакат бу кўрсаткич бўйича дунёда ҳали ҳам биринчи ўринда. Ундан кейинги ўринларда Ҳиндистон (8,3 миллион киши), Бразилия (5,5 миллион киши), Россия (1,6 миллион киши), Франция (1,4 миллион киши) бормоқда. Дунё бўйича эса коронавирус билан 48,1 миллиондан ортиқ киши касалланган.

Қозоғистонда 4 ноябрь Тошкент вақти билан соат 22:30 ҳолатига кўра, коронавирус билан касалланганлар сони 113 741 нафарни ташкил қилмоқда. Қозоғистон бу кўрсаткич бўйича Марказий Осиёда биринчи бўлиб турибди. Беморларнинг 106 893 нафари тўлиқ соғайган, 1857 нафари вафот этган. Шунингдек, ўтган бир сутка давомида 432 та янги касалланиш ҳолати аниқланган.

Фото: «Kazakh TV»

Шунингдек, мамлакатда пневмония касаллиги қайд этилган беморлар сони 38 281 нафарга етган. Ушбу касалликка чалинган беморларнинг 28 899 нафари тузалган, 405 нафари вафот этган.

Қирғизистонда 4 ноябрь Тошкент вақти билан соат 22:30 ҳолатига кўра, 60 774 кишида коронавирус инфекцияси қайд этилган. Беморларнинг 51 815 нафари соғайиб, 1163 киши ҳаётдан кўз юмган. Ҳозирда мамлакатда 7796 киши коронавирусдан даволанмоқда.

Фото: «Kloop»

Тожикистонда 4 ноябрь Тошкент вақти билан соат 22:30 ҳолатига кўра, коронавирус билан касалланганлар сони 11 180 тани ташкил қилмоқда. Беморларнинг 10 438 нафари коронавирусдан тўлиқ соғайган бўлса, 83 нафари вафот этган. Маълумотларга кўра, ўтган сутка давомида мамлакатда коронавирусга чалинганлар сони 41 тага кўпайган.

Фото: «Asia-Plus»

Туркманистон Марказий Осиёда коронавирус расман қайд этилмаган ягона давлат бўлиб турибди. Айни пайтга қадар мамлакатда бирорта ҳолатда коронавирус инфекцияси қайд этилмаган.

Россияда 4 ноябрь Тошкент вақти билан соат 22:30 ҳолатига кўра коронавирус билан касалланганлар сони 1 693 454 нафарни ташкил қилмоқда. Россия бу кўрсаткич бўйича дунёда АҚШ, Ҳиндистон ва Бразилиядан сўнг тўртинчи ўринда бормоқда. Беморларнинг 1 266 931 нафари соғайган, 29 217 нафари вафот этган. Шунингдек, ўтган бир сутка давомида 19 768 та янги касалланиш ҳолати аниқланган ҳамда 389 та ўлим ҳолати қайд этилган.

Фото: «The Moscow Times»

Аввалроқ дунё бўйича коронавирус билан касалланганлар сони 47 миллиондан ошгани ҳақида хабар берилган эди.

Янгиликлар