Қўқонда МЧЖнинг 50 минг долларлик қарзи кредит олинишида кафил бўлган тадбиркордан ундирилди

Фарғона вилояти Қўқон шаҳрида 30 октябрь куни банкдан кредит олинишида кафил бўлган тадбиркордан 50 минг доллар кредит қарзи ундирилди. Бу ҳақда Мажбурий ижро бюро вилоят бошқармаси ахборот хизмати «Теz News»га маълум қилди.

Фото: Мажбурий ижро бюроси Фарғона вилояти бошқармаси ахборот хизмати

Таъкидланишича, Қўқон туманлараро иқтисодий судининг 2020 йил 22 июль кунги ижро варақасига кўра асосий қарздор «Agro green city» ва кафил «Mill Progress» МЧЖдан АТ «Алоқа банк» Тошкент шаҳар Миробод филиали фойдасига 7 миллиард 10 миллион 359 минг сўм ундириш белгиланган. Бюронинг Қўқон шаҳар бўлими томонидан мазкур ижро варақа бўйича мажбурий ижро ҳаракатлари олиб борилган.

Банкдан 7 миллиард сўм кредит олган «Agro green city» МЧЖ кредит қарзини тўлашдан бўйин товлагач, кредит олиниши жараёнида кафил бўлган ва ўз мол-мулкларини гаровга қўйган «Mill Progress» МЧЖдан ундирилиши белгиланган.

Фото: Мажбурий ижро бюроси Фарғона вилояти бошқармаси ахборот хизмати

Ижро варақасида кўрсатилган қарздор «Mill Progress» масъулияти чекланган жамиятининг мансабдор шахслари дастлаб кредит қарзини тўлашдан бош тортган. Шундан сўнг давлат ижрочиси томонидан Қўқон шаҳар Туркистон кўчасида жойлашган 2,4 гектар ер майдонидаги 177 та хонадан иборат бўлган кўчмас мулк иншоотини хатланган. Натижада қарздор 30 октябрь куни 50 минг долларни нақд шаклда тўлаб берган.

Аввалроқ Бағдоддаги акциядорлик жамиятидан 780 миллион сўм солиқ қарздорлиги ундирилгани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар