Сурхондарёда пиёдани уриб кетиб, воқеа жойидан яширинган ҳайдовчи қўлга олинди
Сурхондарё вилоятг Шўрчи туманида 1 январь куни пиёдани уриб кетиб, воқеа жойидан яширинган 26 ёшли ҳайдовчи қўлга олинди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси матбуот хизмати маълум қилди.
Хабар қилинишича, воқеа 2021 йил 1 январь куни соат 21.00 атрофидасодир бўлган. Шўрчи туманининг Саксонкапа маҳалласи ҳудудидан ўтувчи 4К-592 автомобиль йўлининг Шўрчи–Олтинсой йўналишида кетаётган номаълум автомобиль ҳайдовчиси йўлда ҳаракатланиб кетаётган пиёда 36 ёшли фуқарони автомобилининг олд томони билан уриб юбориб, ҳодиса жойидан яширинган.
Ҳалокат оқибатида туманнинг Бахштепа маҳалласида яшаган 36 ёшли фуқаро турли даражада тан жароҳатлари олиб, касалхонада вафот этган.
Олиб борилган суриштирув натижасида ушбу жиноятни туманнинг Оққўрғон маҳалласида яшовчи, ишсиз, 26 ёшли И.Р содир этганлиги ва ҳодиса содир бўлган жойдан олинган ашёвий далиллар унинг бошқарувида бўлган «Nexia-2»га тегишли эканлиги аниқланган.
Ҳайдовчи И.Р га нисбатан 2020 йил 2 январь куни Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми ва 177-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.
Мавзуга доир:
Аввалроқ Мирободда ҳаракатланиб кетаётган автомобиль кўприкдан қулаб тушгани маълум қилинганди. Шунингдек, Тошкентда «Nexia» ҳайдовчиси ЙПХ ходимини машина капотида судраб кетгани хабар қилинган.