Тошкентда масжидда ўғрилик қилган эркак қамоққа олинди

Тошкент шаҳри Яккасарой туманидаги Усмон Бин Маъзун масжидида 18 апрель куни ўғрилик қилган эркак қамоққа олинди.

Таъкидланишича, соат 21:00 да муқаддам судланган 47 ёшли П.Ш. ўзганинг мулкини яширин равишда талон-торож қилиш мақсадида масжидга борган. Унинг таҳоратхонасида 31 ёшли С.М., 20 ёшли Р.З. ва 22 ёшли У.Ў.га тегишли бўлган кийимларни яширин равишда эгаллаб, масжиддан чиқиб кетаётган вақтида ушбу ҳудудда ўзининг хизматини олиб бораётган Яккасарой туман ИИО ФМБ ходимлари томонидан ушланган.

Ҳолат юзасидан туман ИИО ФМБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан П.Ш.га нисбатан Жиноят кодекси 25,169-модда 1-қисми (Ўғриликка суиқасд) билан жиноят иши қўзғатилган.

Тергов давомида аниқланишича, П.Ш. 15 март куни хам ўзгалар мулкини яширин равишда талон-торож қилиш мақсадида юқоридаги кўрсатилган масжидга борган. У ерда бўлган 26 ёшли С.Ш.га тегишли, нархи 4 000 000 сўмлик «Samsung А51» русумли телефон аппаратини яширин равишда эгаллаб, сўнгра мазкур телефон аппаратини Яккасарой туманида жойлашган Аския деҳқон бозорига бориб, 500 000 сўм пулга ўзига номаълум бўлган шахсга сотиб юборган.

Ҳозирда П.Ш. га нисбатан Жиноят кодексининг 169-моддаси (Ўғрилик) 3-қисми «а» банди билан айблов эълон қилиниб, унга нисбатан қамоққа олиш тарздаги эҳтиёт чораси танланган. Тергов давомида ушбу шахснинг бошқа жиноятларга алоқадорлиги текширилиб, якунига қўра қонуний қарор қабул қилинади.

Янгиликлар