Ўзбекистонда оилавий зўравонликдан ҳимоя қилиш чоралари қонуний кучайтирилмоқда

Олий Мажлис Сенати оилавий (маиший) зўравонликдан ҳимоя қилиш чораларини кучайтиришга қаратилган қонунни маъқуллади. Бу ҳақда парламент юқори палатаси матбуот хизмати хабар беради.

Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлисида «Оилавий (маиший) зўравонликдан ҳимоя қилиш чоралари кучайтирилганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун муҳокама қилинди.

Мазкур Қонун Жаҳон банки тавсияларидан келиб чиқиб, болалар ва аёлларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олишга доир чора-тадбирлар самарадорлигини ошириш, оилаларда маънавий-ахлоқий муҳитни яхшилаш мақсадида ишлаб чиқилган.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 59-2-моддаси (оиладаги (маиший) зўравонлик) ва Жиноят кодексининг 126-1-моддаси (оилавий (маиший) зўравонлик) болага нисбатан оилада зўравонлик содир этганлик учун жавобгарликни белгиловчи норма билан тўлдирилди.

Оилавий зўравонлик билан боғлиқ ишлар бўйича ярашув тўғрисида ариза бериш тартиби ҳам суриштирув ва дастлабки тергов босқичида эмас, балки суд муҳокамаси босқичида жорий этилмоқда.

Қонуннинг қабул қилиниши оилавий (маиший) зўравонлик билан боғлиқ жиноят ишларини ҳар томонлама, тўлиқ ва холисона кўриб чиқиш, болалар ва аёлларга нисбатан зулм ва зўравонликнинг олдини олишга хизмат қилади.

Ўзбекистон