Бухорода иккита замонавий кинотеатр очилади (фото)

Бухоро шаҳрининг 6-мавзесида барпо этилаётган савдо марказида ҳар бири 75 ўринли, 2 та залдан иборат замонавий кинотеатр очилиши кутилмоқда. Бу ҳақда «Ўзбеккино» миллий агентлиги ахборот хизмати хабар берди.

Фото: «Ўзбеккино» миллий агентлиги ахборот хизмати

Ҳозирги кунгача Бухоро шаҳрида 5 та залдан иборат ягона хусусий «Бухоро» кинотеатри мавжуд эди. Сентябрь ойида ишга тушиши режалаштирилаётган кинотеатрдан ташқари, шаҳарнинг собиқ ёпиқ бозори ўрнида бунёд этилаётган «Мега Бухоро» савдо маркази биносида ҳам яна бир замонавий кинотеатр қурилмоқда. Мазкур кинотеатр 3 та залдан иборат бўлиб, жорий йилнинг декабрь ойида очилиши кутилмоқда.

Фото: «Ўзбеккино» миллий агентлиги ахборот хизмати

Бундан ташқари, вилоят марказида болалар учун махсус кинотеатр қуриш ҳам режалаштирилган. Иккита залдан иборат ушбу янги бино 2021 йилнинг Наврўз байрами арафаси фойдаланишга топширилиши режалаштирилган. Кинотеатрлар халқаро стандартларга хос моддий-техник база билан жиҳозланмоқда.

Фото: «Ўзбеккино» миллий агентлиги ахборот хизмати

Шунингдек, «Республика кинопрокат маркази» ДУК Бухоро филиали директори Али Чориевнинг маълумотларига кўра, вилоятнинг Бухоро тумани Галаосиё шаҳарчасида қуриб битказилган янги кинотеатр фойдаланишга топширилди. Аввалроқ Бухородаги оғир аҳволда бўлган 12 та маданий мерос объектларида қайта тиклаш ишлари бошлангани ҳақда хабар берилган эди.