Хўжаободда ноқонуний ов қилган фуқарога бир млн сўмдан ортиқ жарима белгиланди

Aндижон вилояти Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасининг Биохилма-хиллик ва муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар масалалари бўлими давлат инспекторлари томонидан 3 сентябрь, пайшанба куни Хўжаобод туманида навбатдаги рейд ўтказилди. Бу ҳақда туман ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Хўжаобод тумани ҳокимлиги матбуот хизмати

Маълум қилинишича, тадбир давомида туманнинг «Aндижон» МФЙ ҳудудида фуқаро Д.М. ўзига тегишли ов милтиғида ноқонуний ов қилаётганлиги аниқланган.

Қайд этилишича, фуқарога нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 90-моддаси 1-қисмига асосан базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 баробари, яъни 1 115 000 сўм миқдорида маъмурий жарима солинган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Олтинкўлда Қорадарё ўзанидан ноқонуний қум-шағал қазиб олаётган фуқаро 6,5 миллион сўмдан ортиқ жаримага тортилгани ҳақида хабар берилган эди.

Шунингдек, Aндижонда ҳавони ифлослантирган фуқароларга жарима белгилангани маълум қилинди.

Янгиликлар