Олотда туман ҳокими иштирокида 2021 йил ҳосили учун ғалла экиш бўйича семинар ўтказилди (фото)
Бухоро вилояти Олот туманида туман ҳокими Наргиза Неъматова иштирокида 2021 йил ҳосили учун ғалла экиш бўйича семинар бўлиб ўтди. Бу ҳақда туман ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Олот тумани 1-секторга қарашли «Пахтакор» МФЙ ҳудудидаги «Тўхта бобо» фермер хўжалигида 2021 йил ҳосили учун ғалла экиш ишларини ташкил этиш бўйича туман семинари бўлиб ўтган.
Қайд этилишича, семинарда туман ҳокими Наргиза Неъматова ва соҳа мутахассислари дон экинларини белгиланган муддатларда экиш учун ерни тайёрлаш, яхлит контурларни танлаш, мавсумда зарур бўладиган моддий-техника ресурсларини ўз вақтида ва тўлиқ етказиб бериш, бошоқли дон ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтириш ва фермер хўжаликларининг манфаатдорлигини ошириш бўйича масалалар ҳақида таъкидлаган.
Шунингдек, тадбирда ғалла экилган майдонларни пешма-пеш суғориш, сув йўлларини тартибга келтириш, тўла гектарлар яратиш, экинни агротехника талаблари асосида парваришлаш, дон экиш, ер тайёрлаш ва суғориш отрядлари ишини тўғри ташкил этиш, уларга барча керакли шарт-шароитларни яратиш каби муҳим вазифалар ҳам атрофлича муҳокама этилган.
Семинар иштирокчилари Олотда ғалла экишга тайёргарлик ишлари ва бу жараёнга жалб этилган техникалар ҳамда отрядлар фаолияти билан танишган.
«Ерни экишга тайёрлаш, уруғ сепиш, суғориш ва озиқлантириш ишларининг меъёрида амалга оширилиши ўсимликни қишнинг совуғига тайёрлаш ва баҳорда текис ниҳол олишнинг муҳим омили», — деди туман ҳокими қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Исмоил Собиров.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Булоқбошида бошоқли дон экиш ишларини олиб бориш юзасидан семинар ташкил этилгани маълум қилинди. Кейинчалик Олотда 2 сентябрь куни пахта ҳосилини йиғиб-териб олишга тайёргарлик кўриш масалаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтгани ҳақида хабар берилган эди.