Қозоғистонда ўтган бир суткада 104, Қирғизистонда эса 94 киши COVID-19 юқтириб олди

Қозоғистонда 5 сентябрь Тошкент вақти билан соат 15:30 ҳолатига кўра, коронавирус билан касалланганлар сони 106 225 нафарни ташкил қилмоқда. Қозоғистон бу кўрсаткич бўйича Марказий Осиёда пешқадам бўлиб турибди. Беморларнинг 99 018 нафари тўлиқ соғайган, 1588 нафари вафот этган. Шунингдек, ўтган бир суткада 104 киши касалликка чалинган.

Фото: «Nur.kz»

Aввалроқ Павлодар вилояти коронавирус пандемиясининг иккинчи тўлқинига тайёргарлик кўраётгани ҳақида хабар берилган эди. Қайд этилишича, вилоятдаги бир нечта тиббиёт ташкилотлари ҳудудида қурилиш ишлари бошланган.

Қирғизистон

Қирғизистонда 5 сентябрь Тошкент вақти билан соат 15:30 ҳолатига кўра, 44 293 кишида коронавирус инфекцияси қайд этилган. Беморларнинг 39 599 нафари соғайиб, 1060 киши ҳаётдан кўз юмган. Ҳозирда мамлакатда 3634 киши коронавирусдан даволанмоқда. Маълумотларга қараганда, Қирғизистонда сўнгги 24 соат ичида коронавирус билан касалланганлар сони 94 кишига кўпайган.

Фото: «Kloop»

Aввалроқ Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазирлигининг собиқ раҳбари Талантбек Батиралиев коронавирус беморларини даволашда нотўғри усулдан фойдаланилганини таъкидлаганди.

Тожикистон

Тожикистонда 5 сентябрь Тошкент вақти билан соат 15:30 ҳолатига кўра, коронавирус билан касалланганлар сони 8724 нафарни ташкил қилмоқда. Беморларнинг 7515 нафари коронавирусдан тўлиқ соғайган бўлса, 69 нафари вафот этган. Ҳозирда 1140 нафар бемор коронавирусдан даволанмоқда.

Фото: «Asia-Plus»

«Asia-Plus»нинг хабар беришича, айни пайтда 86 киши касалхонада, 1000 нафардан ортиқ бемор эса уйда даволанмоқда. Мамлакатда коронавирусдан соғайиш кўрсаткичи 86,1 фоизга етган.

Туркманистон

Туркманистон Марказий Осиёда коронавирус расман қайд этилмаган ягона давлат бўлиб турибди. Aйни пайтга қадар мамлакатда бирорта ҳолатда коронавирус инфекцияси қайд этилмаган. Aввалроқ Туркманистонда талабалар COVID-19 пандемиясига қарамай пахта теримига чиқарилиши ҳақида хабар берилганди.

Фото: «Хроника Туркменистана»

«Хроника Туркменистана» нашрига кўра, талабалар ва шартнома асосида ишлайдиган ходимлар пахта терими бекор бўлишига умид қилишган, аммо ҳукумат кузги теримга чиқиш тўғрисида огоҳлантирган.

Россия

Россияда 5 сентябрь Тошкент вақти билан соат 15:30 ҳолатига кўра, коронавирус билан касалланганлар сони 1 015 105 нафарни ташкил қилмоқда. Россия бу кўрсаткич бўйича дунёда AҚШ, Бразилия ва Ҳиндистондан сўнг тўртинчи ўринда бормоқда. Беморларнинг 832 747 нафари соғайган, 17 649 нафари вафот этган.

Фото: «РИA Новости»

«Интерфакс» нашрига кўра, COVID-19 вакцинасининг илк партияси Москвадаги учта шифохонага етказилган. Кейинги ҳафтадан шаҳарнинг барча касалхоналарига вакцина тарқатилиши йўлга қўйилади.

Янгиликлар