Андижон шаҳрида банкдан фуқаро фойдасига салкам 69 млн сўм ундириб берилди

Мажбурий ижро бюроси Андижон шаҳар бўлими томонидан фуқаро фойдасига банкдан салкам 69 миллион сўмга яқин маблағ ундириб берилди, деб хабар берди бошқарма матбуот хизмати.

Қайд этилишича, Мажбурий ижро бюроси Андижон шаҳар бўлими иш юритувига фуқаролик ишлари бўйича Андижон вилоят апелляция инстанция судининг 2020 йил 27 август кунги ижро варақаси келиб тушган. Унда жавобгар ЧЭКИ «Ҳамкорбанк» АТБ Амалиёт бошқармасидан даъвогар С.Қ. фойдасига гаров буюмининг сотилишидан тушган маблағ ҳисобига 65 миллион 862 минг 720 сўм, тўланган давлат божи ҳисобига 2 миллион 634 минг 508 сўм, вакил хизмати учун 500 минг сўм, жами 68 миллион 997 минг 228 сўм ундириш айтилган.

Мазкур ижро ҳужжатининг ижросини таъминлаш мақсадида бюронинг Андижон шаҳар бўлими томонидан тегишли тартибда ижро ҳаракатлари олиб борилган ҳамда жавобгар банк ижро ҳужжати мазмуни билан таништирилган.

Олиб борилган ижро ҳаракатлари натижасида ЧЭКИ «Ҳамкорбанк» АТБ Амалиёт бошқармасидан даъвогар С.Қ. фойдасига жами 68 миллион 997 минг 228 сўм ундириб берилиши таъминланган.

Аввалроқ Олтинкўлда 350 миллион сўм,  Конимехда қарийб 17 миллиард сўм, Жомбойда 200 миллион сўмдан ортиқ, Иштихонда қарийб 111 миллион сўмлик ва Тойлоқда салкам 286 миллион сўм солиқ қарздорлиги ундирилгани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар