Олтинкўлда 350 млн сўмдан ортиқ солиқ қарздорлиги ундирилди

Андижон вилояти Олтинкўл туманида қарздор иккита масъулияти чекланган жамиятдан жами 350 миллион сўмдан ортиқ солиқ қарздорлиги ундирилди, деб хабар берди ЎзА.

Маълум қилинишича, Андижон туманлараро иқтисодий судининг ижро ҳужжатига асосан қарздор «Олтинкўл томорқа хизматлари» масъулияти чекланган жамиятидан Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси фойдасига 150 миллион сўм асосий қарз, шунингдек, 5 миллион 415 минг сўм банк фоизи, 3 миллион 108 минг 300 сўм давлат божи, 17 минг 840 сўм почта харажати ундириш белгиланган.

Мазкур ҳужжатнинг ижросини таъминлаш юзасидан олиб борилган тушунтириш ишлари натижасида «Олтинкўл томорқа хизматлари» МЧЖ ҳисобидан Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобига ўтказиб берилиб, мавжуд қарздорлик тўла ундирилган.

Шунингдек, тумандаги «Asia start premium» масъулияти чекланган жамиятидан Олтинкўл туман давлат солиқ инспекцияси фойдасига 374 миллион 699 минг сўм солиқ қарзи ундириш ҳақидаги ижро ҳужжати асосида қарздорнинг Шаҳрихон туманида жойлашган мулки қонунда белгиланган тартибда хатланиб, электрон онлайн-аукцион савдога қўйилган.

Олиб борилган мажбурий ижро ҳаракатлари натижасида шу кунга қадар карздор «Asia start premium» МЧЖдан 193 миллион 597 минг сўм солиқ қарздорлиги ундирилиб, қонунда белгиланган тартибда туман давлат солиқ инспекциясининг тегишли ҳисоб рақамларига ўтказилган.

Аввалроқ Конимехда қарийб 17 миллиард сўм, Жомбойда 200 миллион сўмдан ортиқ, Иштихонда қарийб 111 миллион сўмлик ва Тойлоқда салкам 286 миллион сўм солиқ қарздорлиги ундирилгани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар