Беҳбудий, Авлоний, Мунавварқори — Президент уларни нега мукофотлади? Жадидлар ва уларнинг бугунги кунгача эскирмаган ғоялари ҳақида

Ўзбек романчилигининг асосчиси Абдулла Қодирий тарихда бўлиб ўтган воқеаларни чуқур мулоҳаза қилиш, ундан ўрнак олиш ва, энг асосийси, йўл қўйилган камчилик ёки хатоларни қайта такрорламасликка ишора қилиб «Мозийға қараб иш кўрмак хайрлидир» деган эди. Дарҳақиқат, тарих, Гаспринский таъбири билан айтганда, ўтмишдан сўзлаб, келажакни англатади. Яъни инсонлар ўз ўтмишини, бошдан кечирганларини ўрганиш ва таҳлил қилиш баробарида келажакда яна нималарни бошдан кечириши мумкинлигини тахмин қилиши мумкин.

Охирги йилларда катта минбарлардан янграётган «Янги Ўзбекистон», «Учинчи Ренессанс» каби шиорлар ҳозирги Ўзбекистон ҳам ижтимоий, ҳам сиёсий жиҳатдан янги бир босқичга кўтарилаётганидан дарак бераётгандай. Айни ҳодиса бундан 120–130 йиллар олдин бизнинг яқин ва янги тарихимизда содир бўлган  мураккаб ва шу билан бир қаторда жуда шиддатли ва зиддиятли воқеаларга бой кечган даврнинг қайта такрорланаётганидай туюлади гўё.

XIX асрнинг охири — XX асрнинг бошларида бутун Шарқ мамлакатлари бўйлаб ёйилган ислоҳотчилик ҳаракати чор Росияси қўл остида бўлган Туркистон ўлкасига ҳам кириб келди. Бу ислоҳотчилик ҳаракати тарихга «жадидчилик», унинг вакиллари эса«жадидлар» номи билан тарихга кирди. Ўзбекистон мустақил давлат сифатида сиёсий харитада пайдо бўлган 1991 йилдан ҳозирга қадар олиб борилган тадқиқотларда, ёзилган турли мазмундаги мақолаларда жадидчилик ҳаракатининг моҳияти турлича тадқиқ ва таҳлил қилинди, унинг кўлами ҳамда уни ҳаракатга келтирган шахслар ҳаёти, ижоди, жамиятга бўлган таъсири масалалари ёритилди. Аммо ҳануз тўлалигича очиб берилмади.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2020 йил 30 сентябрь куни Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан зиёлиларга қилган мурожаатида жадидчилик ҳаракати, шахслари ҳақида тўхталди ва «мамлакатимизда Учинчи Ренессансни XX асрда маърифатпарвар жадид боболаримиз амалга оширишлари мумкин эди», деган фикрни айтиб ўтди. Менимча ҳам, тарихий вазият имкон берганида эди, уйғониш инқилоби амалга ошган бўлар эди.  Бунинг изоҳини яна Президент сўзлари билан айтадиган бўлсак, «бу фидойи ва жонкуяр зотлар бутун умрларини миллий уйғониш ғоясига бағишлаб, ўлкани жаҳолат ва қолоқликдан олиб чиқиш, миллатимизни ғафлат ботқоғидан қутқариш учун бор куч ва имкониятларини сафарбар этдилар. Шу йўлда улар ўзларининг азиз жонларини ҳам қурбон қилдилар».

Шавкат Мирзиёев ушбу мурожаати давомида уч нафар жадидни «Буюк хизматлари учун» ордени билан мукофотланганини билдирди. Туркистон жадидчилигининг йирик намоядалари бўлган Абдулла Авлоний, Маҳмудхўжа Беҳбудий ва Мунавварқори Абдурашидхоновнинг истиқлол, озодлик, эркинлик учун қилган қилган фидокорлиги, шу билан бир қаторда уларнинг «миллий таълим ва тарбия тизими»ни яратишдаги ҳиссаси учун ушбу юксак мукофот билан тақдирланганлиги ҳам айтиб ўтилди.

Ўзбекистоннинг энг янги тарихига назар ташласак, жадидчилик ҳаракатининг бир қатор вакиллари илгари ҳам давлатнинг юксак мукофотлари билан тақдирланганини кўришимиз мумкин. Бу 1990-йилларнинг ўрталаригача бўлган даврда рўй берди: 1991 йил Абдулла Қодирий, Абдурауф Фитрат ва Абдулҳамид Чўлпонга адабиёт соҳасидаги юксак асарлари учун Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Республикаси Давлат мукофоти берилди; 1994 йили Абдулла Қодирий, 1996 йилда эса Абдурауф Фитрат Ўзбекистоннинг биринчи Президенти Ислом Каримов фармони билан «Мустақиллик» ордени билан тақдирланди; Қодирий ва Фитратнинг юбилейларини муносиб тарзда ўтказиш учун Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари қабул қилинди.

Таниқли блогер Эльдар Асановнинг ёзишича, ҳозирги вақтда Ўзбекистонда «тарихга муносабат жуда узоқ ўтмишда қолиб кетган, бугунга алоқаси йўқ, мавҳум бир ифтихор объектига бўлган муносабат”дан иборат бўлиб қолгандай. У ўзининг фикрини изоҳлар экан, «бир қарашда ўтмишни ҳурмат қиламиз, ёдда тутамиз, лекин уни бугунимиз билан боғламаймиз», деган хулоса беради. Ҳа, аслида олиб қарасак, жамиятимизда ўтмишдан ифтихор туйиш, ундан фахрланиш туйғуси устунлик қилади. Биз ўтмишда минтақамизда содир бўлган воқеа-ҳодисаларни, шахсларнинг ижодини ўргансак-да, уларни кенг оммага тарғиб қилмаймиз, уларнинг моҳиятини ёш авлод қалбига сингдирмаймиз, бугунги ижтимоий контекстга боғламаймиз, бугунги муаммолар ечимида фойдаланмаймиз. Кўпинча айрим шиорлар билан, турли расмлар билангина чекланамиз. Бу эса, табиийки, жамиятимизда ўз тарихи, аждодларига бўлган ифтихор туйғусини миллий қадриятнинг юксак даражасига олиб чиқишга изн бермайди. Тўғри, айтишингиз мумкин, биз ўз аждодларимиз билан, тарихимиз билан ғурурланамиз, уларни яхши биламиз, деб. Аслида шундайми? Йўқ! Биз тарихимизни ҳам, буюк шахсларимизни ҳам юзаки, номигагина биламиз. Ўтмиш воқеаларининг тафсилоти ёки бирор тарихий шахснинг фалон китобининг мазмунидан, фаолиятининг муҳим нуқталаридан аниқ савол берилса, нима деб жавоб беришимиз ўзимизга аён. Бу ҳозир бу масалани чуқур таҳлил қилмоқчи эмасман, бу алоҳида бир мавзу.

Яқин ўтмишда бўлган жадидчилик ҳаракати ва жадидларга қайтсак. Жадидчиликни ўрганиш, жадидлар ҳаёти, ижоди ва фаолиятини тарғиб қилиш бўйича охирги илмий конференция бундан роса 21 йил аввал, 1999 йилда бўлиб ўтган эди. Ундан бироз кейин жадидчиликка қўйилган норасмий тақиқ бу соҳадаги барча ишларга нуқта қўйди. Ҳатто 5–6 йил олдин ҳам жадидчилик юзасидан ёзилган мақоламни 4–5 журналга олиб борганим, барчаси уни бир қолипга тушадиган «эскирган», «аҳамиятини йўқотган» деган важлар билан қабул қилмагани эсимда. Яқиндагина, бундан бир ой олдин бир режиссёр билан суҳбатим бизнинг қай аҳволга келиб қолганимизни менга жуда яхши кўрсатиб берди.

Режиссёр пойтахтдаги хорижий олий таълим муассасалари биносида бир саҳнани тасвирга туширар экан, у ердаги талабалар, табиийки, қизиқиб, фильм ҳақида сўрай бошлайди. Режиссёр фильм жадидлар ҳақида эканини айтганидан кейин талабалардан бири «ҳа, террористлар ҳақидами?» дейди. Биз қай аҳволга келдик ва бу аҳволга қандай тушдик, деган савол пайдо бўлади ўз-ўзидан. Бу бизнинг фожиамиз эмасми? Бугун биз иддао қилаётган «Янги Ўзбекистон» ёки «Учинчи Ренессанс» даврига пойдевор қўйилаётган экан, биз энг янги тарихимиздаги йўл қўйилган хатоларни қайта такрорламаслигимиз керак.

Жадидлар кимлар, улар қилган ишларни, ёзган асарларини, фикр ва ғояларини бугунги кунда оммалаштириш ёки уларни миллат қаҳрамонлари сифатида юксак унвонлар, орден ва медаллар билан тақдирлашимиз керакми? Уларнинг қайси қилган хизматлари учун миллат қаҳрамонлари деб билишимиз керак? Бу саволларга жавоб бериш осондек туюлади. Аммо уларнинг миллат келажаги, мамлакат тараққиёти ва, энг муҳими, унинг мустақилиги, эрки учун қилган иш ва хизматларини кичик бир мақолада кўрсатиб бериш мумкин эмас. Шундай бўлса-да, қисқароқ тушунтиришга ҳаракат қилиб кўраман.

Жадидчилик ва жадидларнинг бугунги кунда ўрганилиши, менимча, керак эмас, балки зарур, ҳаводай зарур. Биз Учинчи Ренессансни «стратегик вазифа» деб қарасак, уни «миллий ғоя» даражасига кўтармоқчи бўлсак, жадидлар таъкидлаганидек, «ҳар ким ўзгариши керак». Аҳолининг барча қатлами, айниқса зиёлилар, мансабдор маъмурлар ўзгаришни ўзларидан бошламас экан, олдимизга қўйган стратегик вазифани уддалай олмаймиз.

Жадидлар ислоҳотни мактабдан, аниқроғи, бошланғич мактабдан бошлади. Бу бежиз эмас эди. Жадидчилик ҳаракатининг ғоявий раҳнамоси Исмоил Гаспринский мусулмонларининг маданий тараққиёти ва ривожи ҳақида сўз очар экан, бошланғич таълимни она тилида беришга мўлжалланган миллий мактабларнинг умуммиллий институтини яратишга қаратилган дастурни таклиф этди. Эътибор беринг: бошланғич таълим боланинг она тилида берилишиши керак. Яқин тарихдан хабардор бўлсангиз, сизга маълум: бундан 120–130 йиллар олдин ҳам мактабларда ўқитиладиган бирорта туркий тилдаги китоб мавжуд эмас эди. Барча дарс китоблари форс ёки араб тилида эди.

Жадидлар бола бошланғич саводини ўз она тилида чиқариши унга миллат, миллият тушунчаларининг чуқурроқ сингдирилишини таъминлайди деб қаради. Ўз навбатида, Туркистон жадидларининг етакчиси Маҳмудхўжа Беҳбудий эса қуйи ва юқори мактабнинг ислоҳ этилиши миллатнинг ислоҳ этилишига олиб келади, деб ҳисоблади. Унинг таъкидлашича, миллатнинг ислоҳ этилиши миллий ғоя бўлиб, уни барча тарғиб қилиши керак. Мана жадидлар таклиф қилган миллий ғоя. Жадидлар «умуммиллий ғоя» моҳиятини тушунтирар экан, ушбу ғоя қолган барча ғоялардан юқори туриши кераклигини таъкидлаган эди. Миллатни улуғлаш, мақсадларни юқори кўтариш, миллатнинг ҳақиқий бирлиги бу «умуммиллий ғоя»нинг туб моҳиятини ташкил этади. Бу ғоя миллатнинг келажакка интилиши ва ундан келадиган фойдасини акс эттириши лозим.

Жадид мактаби, бугунги истилоҳлар билан айтадиган бўлсак, инновацион ёки «смарт» мактаб эди. Унда жорий қилинган «товуш усули» бугунги таълим методикасининг асоси, керак бўлса тамал тошидир. Ислоҳотларнинг бошланғич мактабдан бошлангани ҳам бежиз эмас эди. Чунки мактаб қолган барча нарсанинг пойдевори, у мукаммал бўлмас экан, миллат тараққиёти ҳақида гапириш ҳам бефойда.

Жадидларнинг «умуммиллий ғоя»си тарғиботи учун миллий матбуот керак эди. Жадидлар ана шундай матбуотга асос солди. Жадид матбуоти том маънода фикр алмашиш, илғор ғоя ва фикрларни тарғиб қилиш, баҳслашиш майдонига айланди. Жадид матбуоти том маънода демократик қадриятларни ўзида акс эттирган, фикрлар қарама-қаршилигини кўтара оладиган, ижтимоий-сиёсий мавзуларда танқид қила оладиган матбуот эди. Туркистон жадидчилигининг йирик тадқиқотчиларидан Бегали Қосимовнинг фикрига кўра, жадидларнинг газета, хайрия жамиятлари таъсис этиш, янги усул мактабларини ёйиш, театр ишлари ва бошқа барча ҳаракатлари бир миллий ғоя учун хизмат қилди. Унинг таъкидлашича, ғоя миллийга айланиши учун икки талабга жавоб бериши керак: 1) ғоя миллатнинг ҳақиқий эҳтиёжидан, турмуш тарзидан, асрий анъаналаридан ва, албатта, имкониятларидан келиб чиқиши керак; 2) ушбу ғоя миллат томонидан англаб етилиши, бошқа сўз билан айтганда, миллийлаштирилиши керак. Яъни ғоя миллатнинг ҳар бир вакили юрагига етиб бориши керак.

Миллий ғоянинг яна бир асосий тарғибот қуроли адабиётдир. Жадидлар бу воситадан ҳам жуда унумли фойдаланди. Жадидлар адабиётни халққа, оммага яқинлаштирди, унинг тилида ёзишга ҳаракат қилди. Ва бу ишни уддалади. Улар янги ўзбек адабиётига асос солди. Унга янги жанрлар — фельетон, ҳикоя, драма, қисса, роман ва бошқаларни олиб кирди ва бугунги кунда ҳам исталган бадиий асар билан беллаша оладиган юксак ижод намуналарини яратди. Албатта, ҳар нарсанинг биринчиси вақт ўтиши билан «ибтидоий»га айланиб қолади. Мен университетда жадид адабиётидан дарс берган вақтларимда талабалар “Падаркуш» ҳақида «шу ҳам драмами, шу ҳам бадиий асарми?» деган гапларини кўп эшитганман. Бу мактаб таълимимиздаги нуқсонларидан бири сифатида қабул қилиниши керак. Чунки биринчи яратилган нарса ўз вақтида ўша соҳада туб бурилиш ясагани, самараси юқори бўлгани, унга давр нуқтаи назаридан қариш кераклиги ҳақида ўқувчиларда тушунча йўқ.

Беҳбудий бошлиқ жадидлар халқни исрофли тадбирлардан воз кечиб, уларга кетадиган маблағни иқтисодиётнинг барча тармоқларида миллий кадрлар тайёрлаш мақсадида давлат таълим муассасаларида болалар ўқишига йўналтиришга даъват этди. Беҳбудий бу ҳаракатларини «умуммиллий ишлар, олий мақсадлар, хоҳишлар ва интилишлар», деб атади. Олий мақсадлар, хоҳиш ва интилишларни амалга ошириш учун эса ирода, аниқроқ айтадиган бўлсак, сиёсий ирода керак эди. Беҳбудий илк бор 1906 йили «Туркистон миллий-маданий мухторияти» лойиҳасини ишлаб чиқди ва у юқори миқёсда муҳокама қилиниши учун Россия давлат Думасига йўллади. Бу лойиҳада Беҳбудий ер масаласини қатъий қўйди ва рус муҳожирларини кўчириб келмаслик лозимлиги, ҳосилдор ерлар маҳаллий аҳоли ихтиёрида қолиши кераклиги ҳақида ёзди. Бу эса, юқорида айтганимиздек, сиёсий иродани талаб қилар эди.

Ўз навбатида, Исмоил Гаспринский мусулмонларга сиёсий ҳуқуқлар берилиши муаммони ҳал қилмайди, деб ҳисоблади. Унга кўра, рус тили ва қонунларини билмаслик, энг асосийси, мусулмонларнинг замонавий билимлардан хабарсизлиги қўлга киритилган барча сиёсий ҳуқуқларни йўққа чиқаради ва «биргина рус маъмури қирқ ўқимишли мусулмонни жиловида ушлаб юришда давом этаверади». Айтилган фикрлар айни бугунги кунда ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаганлигини кўз ўнгимизда бўлиб турган жараёнларда кузатяпмиз.

Абдурауф Фитрат туркистонликларга савол билан мурожаат қилади: «Ажабо, биз ўзимизни инсон деб атаб, ҳақиқий инсон каби ҳаракат қилишни хотирга келтирмаймизми? Наҳотки биз қиёматгача ўзимизнинг жоҳиллигимизни тушуна олмасак ва сабабларини қидиришга ҳамда уларни ҳал қилиш чораларини топишга қодир бўлмасак?» Атрофингизга бир назар солинг, Фитрат ўртага ташлаган саволни бугун ҳам шу шаклда беришимиз ўринлими? Албатта, ўринли деб жавоб беришингиз аниқ. Чунки бизнинг дунёқарашимиз замонавий тараққиёт ривожига мос тарзда ўзгариб боришига қарамай, кўп ҳолларда ҳали-ҳануз фикрлаш тарзимиз бир аср олдин қандай бўлса, ўшандайлигича қолгандай.

Яна бир мақоласида Фитрат бошқа савол билан мурожаат этади: «Биз қандай қилиб тараққиётга эришамиз?» Мақола давомида у Туркистон мусулмонлари тараққиёт йўлини қандай топиш устида бош қотирмаса ҳам бўлади, бизгача бошқа тараққий этган миллатлар барча йўлларни очиб қўйган, биз фақат уларни ўзлаштиришимиз керак, деган хулоса беради.

Шу ўринда Беҳбудийнинг жадидларнинг ёш авлоди тўғрисидаги фикрларини келтириб ўтиш ўринли. Беҳбудийга кўра, жадидларнинг ёш авлоди ўртасида ғоявий жиҳатдан ихтилоф бор эди. Айнан ана шу ихтилоф сабаб халқ жадидлардан юз ўгирди. Беҳбудий ёшларни тезроқ ўзаро келишув йўлини топишга ва йўқотилган халқ ишончини қайтаришга чақиради. Чунки «умуммиллий ғоя» йўлида бир бўлиб ҳаракат қилмаслик миллат бўлинишига ва айрим умуммиллий лойиҳалар муваффақиятсизликка учрашига олиб келиши мумкин.

Жадидлар, Шавкат Мирзиёев таъриф берганидай, «Илмдан бошқа нажот йўқ ва бўлиши ҳам мумкин эмас» деган ҳадиси шарифни ҳаётий эътиқод деб билдилар. Миллий истиқлол, тараққиёт ва фаровонликка, аввало, маърифат орқали, дунёвий ва диний билим, замонавий илм-ҳунарларни чуқур эгаллаш орқали эришиш мумкин, деб ҳисобладилар».

Яна шуни таъкидлаш керакки, бугунги даврда Ўзбекистонда мустақил фикрига эга миллатпарвар авлодни етиштиришда жадидчилик тарғиб қилган ғоялар жуда муҳим ва долзарблигини йўқотмаган. Шу сабабдан ҳам уларнинг ғоявий мероси «биз учун доимий ҳаракатдаги ҳаётий дастурга айланиши керак».

Ўзбек жамияти, қолаверса, ҳукумат жадидчилик ҳаракати ва жадидларнинг ҳаёти, фаолияти ва ижодий меросини кенг ўрганишга бошчилик қилиши зарур деб ўйлайман. Чунки жадидчилик ҳаракати ва жадидлар замонавий ўзбек жамияти ва давлатчилиги шаклланишига муносиб ҳисса қўшди; жадидларининг илмий ва ижодий мероси бугунги авлод тарбиясида муҳим ўрни тутади ва уларда акс этган ғоялар долзарблигини йўқотган эмас.

Шу мақсадда қуйидаги ишларнинг амалга оширилиши ўта муҳимдир:

1. Жадидлар ҳаёти ва ижодини ўрганиш ва кенг тарғиб қилиш мақсадида илмий тадқиқот ишлари танловини ташкил этиш;
2. Ўзбекистон кутубхоналари, архивлари фондларида сақланаётган жадидлар ҳаёти, ижоди ва фаолияти билан боғлиқ асарлар, вақтли матбуот нашрлари ва бошқа турли ҳужжатларни рақамлаштириш ва электрон базасини яратиш;
3. Жадидчилик ҳаракатининг минтақа тарихидаги ўрнини кўрсатиш, жадидларнинг фаолияти ва ижодини ўрганиш, кенг кўламли илмий тадқиқот ишларини олиб бориш, таҳлиллар натижаларидан амалиётда фойдаланишга йўналтирилган Жадидчилик илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш.

Зайнобиддин Абдурашидов, PhD, доцент, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети илмий ишлар бўйича проректори, жадидчилик бўйича мутахассис

Янгиликлар