«Ўзбекистон темир йўллари» вагонларининг 80 фоиздан ортиғи эскиргани маълум бўлди
«Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти вагонларининг 80 фоиздан ортиғи эскиргани маълум бўлди. Бу ҳақда Олий мажлис сенати матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, 5 октябрь, душанба куни Монополияга қарши курашиш қўмитасида Олий Мажлис Сенати Буджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитасининг видеоконферентсалоқа тарзидаги сайёр мажлиси бўлиб ўтган. Мажлисда Сенат аъзолари, тегишли вазирлик ва идоралар мутасаддилари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этган.
Таъкидланишича, мажлис давомида «Рақобат тўғрисида»ги Қонуннинг «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамиятлари томонидан ижро этилиши ҳолати муҳокама қилинган. Темир йўл соҳасида рақобатбардошликни ошириш ва рақобат муҳитини ривожлантириш ҳолатига салбий таъсир этувчи бир қатор омиллар мавжудлиги тўғрисида сўз юритилган.
Маълум қилинишича, «Ўзбекистон темир йўллари» АЖда ихтисосли бўлмаган активларнинг мавжудлиги темир йўл саноатини ривожлантириш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш учун зарур бўлган ҳажмдаги молиявий маблағларни жалб этиш имкониятини чекламоқда.
Бундан ташқари, «Ўзбекистон темир йўллари» томонидан мижозлар учун қулайлик яратадиган рақамли маҳсулотларни қўллаш тизими суст ташкил этилган. Шу билан бирга, жамиятда мавжуд вагонларнинг 80 фоиздан кўпроғининг ёш таркиби 30 йилдан ортган.
Шунингдек, «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ тизимида рақобатни чеклашнинг турли шакллари қўлланиб келинаётгани қайд этилган Хусусан, жамият фақат 4 та экспедиторлик ташкилотлари билан тўғридан-тўғри шартномалар тузган ва бу бошқа экспедиторларнинг фақат ушбу ташкилотлар орқали фаолият олиб боришлари ташкил этилган. Ушбу иштирокчиларга товар, молия ва хизматлар бозорларида тенгсизликни келтириб чиқариши таъкидланган.
«Ички бозорда рақобатнинг мавжуд эмаслиги сабабли ‘Ўзбекистон темир йўллари’ АЖ хизматлар сифатини ошириш ва мослашувчан тариф сиёсатини қўллашдан манфаатдор эмас», — дейилади хабарда.
Бундан аввал Тошкент ерусти ҳалқа метросининг биринчи босқичи ишга тушгани ҳақида хабар берилган эди. Кейинчалик Наманган—Андижон—Марғилон—Қўқон электрлаштирилган ҳалқа темир йўли очилгани маълум қилинди.