Судьялар олий мактаби магистратура босқичида 2020/2021 ўқув йили бошланди

Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактабида 5 октябрь куни 2020/2021 ўқув йили учун магистратура таълим дастури бўйича ўқув курсининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда кенгаш матбуот хизмати «Tez News»га хабар берди.

Фото: Судьялар олий кенгаши матбуот хизмати

Таъкидланишича, тадбирни Судьялар олий кенгаши раиси Холмўмин Ёдгоров очиб берган.

Судьялар олий мактабининг магистратура босқичини 2019/2020 ўқув йилида 60 нафар тингловчи тамомлаган бўлса, бу йил 75 нафар тингловчи бу босқичга қабул қилинган. 2019/2020 ўқув йилида магистратура таълим босқичини муваффақиятли тамомлаган Олий мактабнинг 20 га яқин битирувчиси айни пайтда судьялик лавозимларига тайинланган.

Фото: Судьялар олий кенгаши матбуот хизмати

Таъкидланишича, 16—17 сентябрь кунлари магистратура босқичининг 2020/2021 ўқув йили учун кириш имтиҳонлари бўлиб ўтган. Судьялар олий кенгаши томонидан Олий суд билан биргаликда белгиланган квоталар бўйича судьялик лавозимлари захирасида бўлган 75 нафар Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ушбу имтиҳондан муваффақиятли ўтган ва магистратура босқичига тингловчи сифатида қабул қилинган.

Судьялар олий мактабида судялик лавозимларига номзодларда назарий билимлар, касбий этика, психология, ишчанлик мулоқоти ва вақтни бошқариш кўникмалари, музокаралар олиб бориш тактикаси, ахборот билан ишлаш технологияси, ҳуқуқ нормаларига шарҳ бериш ва уларни қўллашни ривожлантириш каби муҳим йўналишлар бўйича таълим йўлга қўйилган.

Фото: Судьялар олий кенгаши матбуот хизмати

Бундан ташқари, тингловчиларнинг суд идораларида амалиёт ўташини ҳар томонлама самарали ташкил этиш юзасидан янгича ёндашув асосида махсус дастур ишлаб чиқилган.

Aлишер Навоий номидаги давлат кутубхонаси ва айрим хорижий мамлакатларнинг судялар тайёрлаш бўйича таълим муассасалари билан электрон алоқа ўрнатиш имконияти яратилган. Олий мактаб магистратураси, судьялар ва суд ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш курсларининг ўқув режалари ва дастурлари, малакавий талаблар асосида ишлаб чиқилган.

Aввалроқ Ўзбекистонда тиббиёт олий таълим муассасаларида анъанавий шаклда ўқиш бошлангани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Ўзбекистон ОТМларида 2020/2021 ўқув йили учун контракт нархлари эълон қилинган.

Янгиликлар