Андижон туманида уй ичида қулфланиб қолган 2 ёшли бола қутқарилди

Андижон туманида 5 ноябрь, пайшанба куни уйида қамалиб қолган 2 ёшли бола қутқарилди. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ахборот хизмати

Маълум қилинишича, Андижон тумани «Саноат» маҳалласида истиқомат қилувчи фуқаро 5 ноябрь куни соат 17:30 атрофида туман Фавқулодда вазиятлар бўлими навбатчи-диспетчерлик хизматига қўнғироқ қилган. Қўнғироқ давомида эҳтиётсизлик оқибатида хонадон эшиги қулфланиб қолганлиги ҳақида айтиб ўтган.

Олинган маълумотларга кўра мазкур қўнғироқ эгасининг хонадонида 2 ёшли бола қолиб кетган. Мурожаат юзасидан Андижон тумани Фавқулодда вазиятлар бўлими ёнғин-қутқарувчилари хонадонга етиб борган.

Фото: Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ахборот хизмати

Таъкидланишича, олиб борилган тезкор ҳаракатлар натижасида темир эшик очилиб, бола ота-онасига соғ-саломат топширилган.

Аввалроқ Фарғонада кўп қаватли уйда қулфланиб қолган 2 ёшли бола ва Пайариқда уйида қулфланиб қолган бир ёшли қиз қутқарилгани ҳақида хабар берилган эди. Шунингдек, Норин туманидаги бола ҳамда Самарқанд шаҳридаги 3 ёшли қиз қулфланиб қолган уйидан олиб чиқилгани маълум қилинган.